Ўзбекистонликлар энг кўп борадиган Россия эса Афғонистон билан бир гуруҳда
Ўзбекистон CEOWORLD журнали тузган 2027 йил учун саёҳат хавфсизлиги рейтингида 198 мамлакат ва ҳудуд орасида 27-ўринни эгаллади. 81,03 балл тўплаган мамлакат Австралия ва Канададан юқорида жойлашди. Рейтингни Сингапур, Япония ва Исландия бошлаб берган.
Марказий Осиёда ҳам Ўзбекистон етакчи:
Қозоғистон — 44-, Туркманистон — 57-, Қирғизистон — 65-, Тожикистон — 73-ўринда.
Австралия ва Канада билан фарқ бир баллга ҳам етмайди.
Ўзбекистон аввал ҳам хавфи паст йўналишлар қаторида бўлган. CEOWORLD’нинг 2025 йилги саёҳат хавфлари жадвалида мамлакат шу тоифага киритилган. Алоҳида Глобал тинчлик индексининг 2026 йилги ҳисоботида эса Ўзбекистон 37-ўринни эгаллаб, қайта ҳисобланган аввалги маълумотларга нисбатан 10 поғона кўтарилган. Бу хавфсизлик бўйича халқаро баҳоларда ижобий ўзгариш борлигини кўрсатади.
Россия рейтингда 194-ўринда.
Ундан кейин Яман, Жанубий Судан, Афғонистон ва Гаити жойлашган. Украина ҳам шу сафда. У 190-ўринни эгаллаб, Россиядан 4 поғона юқорида жойлашган.
Россия саёҳат хавфсизлиги бўйича рўйхат охирида турган бўлса-да, юртдошларимиз энг кўп борадиган тўртта мамлакатдан бири бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон расмий статистикасига кўра,2026 йилнинг январь–октябрь ойларида 301,4 минг нафар Ўзбекистон фуқароси у ерга туристик мақсадда сафар қилган. ТАСС эса 15 ноябрда январь–сентябрь давомида Россияга ишлаш мақсадида 1 миллион 535 минг ўзбекистонлик кирганини хабар қилган. Шу боис у ердаги хавфсизлик масаласи сайёҳлар билан бирга, тирикчилик учун борган ўзбекистонликлар ва уларнинг оилаларига ҳам бевосита дахлдор.
Умуман олгагда баҳолашда ҳукуматларнинг саёҳат бўйича огоҳлантиришлари ва мамлакатдаги тинчлик ҳолати катта улушга эга. Шунинг учун уруш ва хорижликлар хавфсизлигига оид хатарлар натижага жиддий таъсир қилади.
Давлатларнинг тавсиялари ҳам турлича. АҚШ ва Канада Ўзбекистонда одатий эҳтиёт чораларига амал қилишни тавсия этади. Канада Афғонистон чегарасига яқин ҳудудлар учун алоҳида огоҳлантириш берган. Австралия эса Ўзбекистонга келувчи фуқароларини юқори даражада эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда.
АҚШ ва Канада ўз фуқароларига Россияга бормасликни ҳам тавсия қилмоқда. Сабаблар орасида Украинадаги уруш оқибатлари, терроризм, асоссиз ҳибсга олиш хавфи ва консуллик ёрдамининг чеклангани бор. Бу омиллар Россиянинг қуйи ўрнини тушунишга ёрдам беради.




