2022 йилда Ўзбекистон “Чегара билмас мухбирлар” рейтингида нақ 24 поғона кўтарилиб, 180 давлат ичидан 133-ўринни эгаллаган.
Узоқ йиллар давомида кетма кет энг қуйи ўринларда қайд этиб келинган мамлакат учун бу жуда ижобий ўзгариш бўлиб, ҳам халқаро майдонда ҳам Ўзбекистонда ҳам катта муҳокамаларга, ижобий эътирофларга сабаб бўлганди.
Аммо қувонч узоққа чўзилмади. 2023 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг “Чегара билмас мухбирлар” рейтинггидаги ўрни яна пастлашни бошлади. Мазкур йилда мамлакат 4 поғона пастлаб, 137-ўринни эгаллаган.
2024 йилги натижа эса янада ёмонроқ. Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида 11 поғонага пастлаб, 148-ўринга тушди. Шундай қилиб мамлакатда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият “қийин” босқичда қолмоқда.
Хўш, Ўзбекистоннинг сўз масъуллари бу ҳолатни қандай изоҳлайди? Uzdiplomat.uz’нинг мазкур саволига жавоб берган Ўзбекистон Бош вазир Матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятовнинг фикрича мамлакатда сўз эркинлиги бўйича йилдан-йилга тушиш эмас, аксинча ўсиш кузатилмоқда.
“Гапнинг очиғини айтганда, “Чегара билмас мухбирлар” халқаро рейтингги қандай критериялар асосида шундай рейтингни эълон қилишини тушунмайман. Ҳа, тўғри айнан нималар инобатга олиниши, нималарга эътибор қаратилишини биламиз. Аммо бошқа давлат билан солиштирганда бу рейтингни сал нисбийроқ деб қабул қиламан. Бу бўйича ўзимизда ҳам хулосамиз бор”,
деди Ҳидоятов.
У ўзининг журналистик фаолиятининг даслабки йиллари билан ҳозирги даврни таққаслар экан, Ўзбекистонда сўз эркинлиги ижобий томонга анча ўзгарганини маълум қилди.
“Мен ҳам газеталарда, телевидение ва ахборот агентликларида ишлаб юрган пайтларимда бир кун келиб журналистлар бемалол бирон давлат хизматчисини тутиб очиқ-ойдин савол бериши, интервью олшини, ёки бўлаётган воқеа-ҳодисаларга турли хил минбарлар орқали эркин фикр билдиришини тасаввур қилолмас эдим. Шунинг учун мен Ўзбекистонда сўз эркинлиги бўйича йилдан-йилга орқага қайтиш эмас, ўсиш бўляпти, деган фикрдаман”,
деди у.
Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ҳам “Чегара билмас мухбирлар” рейтингини “адолатли эмас” деб ҳисоблайди.
“Биласизми, дунёда сўз эркинлиги даражасини ўлчайдиган турли хил манбаалар бор. Ҳамманинг ўз ўлчов меъзони бор. Шунинг учун бу индексларнинг ҳаммаси нисбий, назаримда. Агар охирги 8 йилликни олиб қарайдиган бўлсак, ўзимнинг 36 йиллик фаолиятимни инобатга олсак, бугун медиа жуда эркин муҳитда ишламоқда. Бугун муштарийда жуда катта танлов имконияти бор. Агар бир стаканда сув бўлса, кимдир уни ярим кам, яна кимдир эса ярим тўла деб билади. Сиз айтаётган “Чегара билмас мухбирлар” ҳам Ўзбекистоннинг сўз эркинлигини “станкандаги ярим кам сув” деб ҳисоблайди”,
деди Қудратхўжа.
Худди шундай, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Холмурод Салимов ҳам “Чегара билмас мухбирлар”нинг Ўзбекистонга сўз эркинлиги борасида берган баҳосидан норози. Унинг айтишича, халқаро рейтингда мамлакатнинг ўрни бир-икки поғона пасайиши Ўзбекистонда “матбуот ва сўз эркинлиги таъминланмаяпти” дегани эмас.
“Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги бўйича Президент томонидан жуда катта ислоҳотлар бошланган ва бу аллақачон ўзининг меваларини кўрсатяпти”,
деди Салимов.
Қолаверса, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси бугун мамлакатда журналистлар эркин фаолият юритяпти, деган фикрда.
“Кейинги пайтларда интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда, телерадиода журналистларимиз ўзи хоҳлаган мавзу бўйича чиқиш қилиб, материаллар тайёрламоқда”,
деди у.