Тошкентдаги “Салар”, “Бектемир” ва “Бўзсув” оқова сувларига чиқинди чиқариб келинган.
Меъёридан ортиқ ифлосланган моддалар чиқарувчи 44 корхонага чоралар кўрилган.
Бу ҳақида АОКАда ўтган брифингда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лола Раҳмонбоева маълум қилди.
Унинг қайд этишича, мутасадди идоралар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридан чиқаётган маиший оқова сувларни тозаловчи “Салар”, “Бектемир” ва “Бўзсув” тўйинтириш иншоотларига оқова сувларини ташлаётган саноат корхоналари хатлови амалга оширилган.
Ўрганишлар натижасида шаҳарда коммунал канализация тизимига салбий таъсир кўрсатувчи 140 саноат корхонасининг рўйхати шакллантирилган.
115 корхонадан кимёвий таҳлил намуналари олинди ва 25 корхона фаолият юритмаётганлиги аниқланган.
Меъёридан ортиқ ифлосланган моддалар чиқарувчи 44 корхонага нисбатан тегишли тартибда чоралар кўрилди. Очиқ сув ҳавзаларига ифлос оқовалар чиқараётган 72 саноат корхонасида экологик назорат тадбирлари ўтказилди. Уларга огоҳлантириш хатлари берилиб, 38 корхонага қўшимча компенсация тўлови ҳисобланди. 36 корхона бўйича тўпланган материаллар чора кўриш учун ҳуқуқ тартибот идораларига юборилди, дейилади брифинг маълумотида.
Эколог.уз бирлашмаси маълумотига кўра, бугунги кунда биргина Тошкент шаҳрида сувни тозалаш иншоотлари бир суткада 1,64 млн кубометр оқова сувларни қабул қилиб, аммо уларни тозалаш самарадорлиги 51% дан камдир.




