Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан бери Россия армиясида 1 087 нафар ҳарбий ўз жонига қасд қилган.
Бу ҳақда The Guardian 23 ноябрда эълон қилган суриштирувида маълум қилди.
Журналистлар Россиянинг Росстат идорасидан сизиб чиққан 11 миллиондан ортиқ ўлим қайдини таҳлил қилган.
Маълумотларни Беларуснинг Cyber Partisans ва Украинанинг Silent Crow хакерлик гуруҳлари қўлга киритган.
Нашр аниқлаган ҳолатларнинг камида 614 таси Украинанинг Россия босиб олган ҳудудлари ёки Россиянинг чегарадош вилоятларида, асосан Белгород ва Брянскда қайд этилган. Яна 113 та ёзувда ўлим содир бўлган жой кўрсатилмаган.
Ҳалок бўлганлар орасида ёш ҳарбийлар ҳам бор. Жанг ҳудудида ўз жонига қасд қилганларнинг 43 нафари 18–19 ёшда бўлган. Россиянинг фронтдан узоқ ҳудудларида эса 25 ёшга тўлмаган яна 108 нафар ҳарбийнинг шундай ўлими қайд этилган.
Қайд этилган ҳолатлар уруш давомида кўпайган:
— 2022 йилда — 50 тадан ортиқ;
— 2024 йилда — 200 тадан ортиқ;
— 2025 йилда — 365 та;
— 2026 йилда — маълумотлар ҳали тўлиқ бўлмаса ҳам, қарийб 300 та.
The Guardian суҳбатлашган экспертлар ҳақиқий кўрсаткич бундан юқори бўлиши мумкинлигини айтган. Чунки айрим ҳолатлар ҳужжатларда ўз жонига қасд қилиш сифатида қайд этилмаган бўлиши эҳтимолдан ҳоди эмас.
Жумладан, Украина ва Россиянинг унга чегарадош ҳудудларида яна 885 нафар ҳарбийнинг ўлимида қасд бор-йўқлиги аниқланмаган деб кўрсатилган. Нашр бу тоифадаги айрим ҳолатларни алоҳида текшириб, ўз жонига қасд қилишга оид далиллар топган. Бироқ 885 ҳолатнинг барчаси суицид экани тасдиқланмаган.
Ҳарбий таҳлилчилар муаммони кучайтирувчи омиллар сифатида қўмондонлар ва хизматдошлар босими, зўравонлик, ўта хавфли топшириқларга юборилишдан қўрқиш ҳамда хизматни тарк этиш имкони чекланганини келтирган.
Ташқи сиёсат тадқиқотлари институти эксперти Роб Ли айрим ҳарбийларни жангга мажбурлаш учун уларга нисбатан жисмоний зўравонлик ва қийноқ қўлланишини таъкидлаган. Ҳарбийларга хизматдан қочишда ёрдам берувчи «Идите лесом» ташкилоти вакили Иван Чувиляев эса фронтдаги айрим суицидлар ҳужжатларда жангдаги ўлим сифатида расмийлаштирилиши мумкинлигини айтган.
Нашр бунга мисол сифатида 21 ёшли Александр Лазор воқеасини келтирган. Унинг оиласига йигит жангда ҳалок бўлгани айтилган ва Росстатда ҳам шундай қайд этилган. Бироқ у билан хизмат қилган икки ҳарбий The Guardian’га бўлинмадагиларга унинг ўз жонига қасд қилгани билдирилганини айтган.
Россия расмийлари армиядаги суицидлар ҳақида очиқ статистика эълон қилмайди, ҳарбий йўқотишлар эса давлат сири ҳисобланади.
Маълумот учун: «Досье» ва NEST Centre’нинг алоҳида тадқиқотида Россия томонида урушда ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролиги ёки Ўзбекистонда туғилгани бўйича 1 301 та ўлим қайди келтирилган. Бу рақам суицидларни эмас, урушдаги ўлимларни қамраб олади. Ўз жонига қасд қилган ҳарбийларнинг қанчаси ўзбекистонлик экани ҳақида алоҳида маълумот йўқ.




