Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Президент Шавкат Мирзиёев таклифига биноан бугун, 17 май куни Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятов маълум қилди.
Уни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олган.
![](https://uzdiplomat.uz/wp-content/uploads/2024/05/csrfjl17159400070916-b.jpg)
Қисқа суҳбатдан сўнг, Бош вазир ҳамкасби Абдулла Арипов ҳамроҳлигида ташриф дастури бўйича навбатдаги манзилга жўнаб кетди. Улар «Янги Ўзбекистон» боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Мажмуанинг яратилиши тарихи билан танишди. Ташрифнинг олий даражадаги тадбирлари бугун, куннинг иккинчи ярмида «Кўксарой» қароргоҳида бўлиб ўтади.
![](https://uzdiplomat.uz/wp-content/uploads/2024/05/ipisxp17159399914784-b.jpg)
Маълум бўлишича, Анвар Иброҳимнинг Ўзбекистонга ташрифи мамлакатлар ўртасида тизимли сиёсий мулоқотни ривожлантириш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш, савдо, инновациялар, энергетика, нефть-кимё, саноат, электротехника ва электроника, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида аниқ кооперация дастурлари ва лойиҳаларини илгари суриш масалаларини муҳокама қилади.
![](https://uzdiplomat.uz/wp-content/uploads/2024/05/photo-2024-05-17-15-40-14.jpg)
Шунингдек, Малайзия ҳукумати раҳбари Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ҳам ташриф буюриб, маданий-тарихий ва маънавий мерос билан танишади ҳамда қўшма бизнес форумида иштирок этади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1992 йил ва Малайзия бош вазири Маҳатҳир Муҳаммаднинг 1993 йилги расмий ташрифларида дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг тамал тоши қўйилган. 2003 йилда Ўзбекистонга Малайзия подшоҳи Туанку Сайед Сиражуддин Сайед Жамалуллайл ташриф буюрган.
Шунингдек, 2005 йил октябрь ойида Ўзбекистон президентининг Малайзияга, 2008 йил ноябрда Малайзия бош вазири Аҳмад Бадавийнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи амалга оширилган.
2022 йил 19 май куни эса Малайзия ташқи ишлар вазири ўринбосари Камаруддин Жаффар билан учрашув ўтказди.