2023 йилда АҚШнинг уран импортида Ўзбекистоннинг улуши 10 фоизга етган. Бу ҳақда “World Nuclear News” нашри хабар берди.
Хабарга кўра, АҚШ коммунал хизматлари 2023 йилдан 2022 йилга нисбатан 27 фоизга кўпроқ уран сотиб олган. Ураннинг аксарияти хорижий етказиб берувчилардан келган. Маҳаллий хом ашё эса атиги 5 фоизни ташкил этган.
Маълум бўлишича, АҚШнинг фуқаролик атом энергетикаси реакторлари эгалари ва операторлари 2023 йилда 51,6 миллион фунт эквивалентидаги уран сотиб олган. Бир фунт уран учун ўртача 43,80 доллар тўланган. Бу қиймат 2022 йилдагидан кўра 12 фоизга юқори экани айтилган. 2015 йил билан солиштирганда эса сўнгги 9 йилдаги энг юқори харид нархи кузатилган.
«АҚШга етказиб берилган ураннинг 27 фоизи Канада ҳиссасига, 22 фоизи эса Австралия ва Қозоғистон улушига тўғри келиши маълум қилинган. Шунингдек, Россия талаб қилинган ураннинг 12 фоизини, Ўзбекистон эса 10 фоизи етказган. Қолган кам улуш эса Хитойдан ва Африкадаги ҳамкорлар ҳисобига қопланган»,
дейилади хабарда.
Зарурий ураннинг 15 фоизи қисқа муддатли шартномалар доирасида етказиб берилиб, 51,64 доллардан нарх белгиланган. Ички истеъмолнинг 85 фоизини қоплаб берувчи узоқ муддатли шартномаларда эса уран фунти 42,42 доллардан сотиб олиниши белгилаб қўйилган.
Йил давомида АҚШ атом электр станцияларининг эгалари ва операторлари бойитиш корхоналарига 34 миллион фунт УЗО8 табиий уран озуқасини етказиб беришган. Бунинг 39 фоизи маҳаллий етказиб берувчиларига, қолгани эса хорижий етказиб берувчиларга тўғри келади.
Маълумот учун, уран – ер остидан қазиб олинадиган маъдан бўлиб, табиий равишда учрайдиган элементлар орасида энг оғирларидан бири ҳисобланади. Ундан атом электр станциялари (АЭС) ҳамда денгиз ва сувости кемаларини бошқарадиган ядро реакторлари учун ёқилғи сифатида кенг фойдаланилади. Шу билан бирга, у ядровий қуроллар, радиациядан ҳимоя тизимларида ҳам ишлатилади.