Россиянинг “ТНГ-Групп” компанияси Газли ҳудудининг «Дояхотин» участкасида газ қидиради.
Татаристоннинг “ТНГ-Групп” компанияси Газли ҳудудининг “Дояхотин” участкасида 2500 квадрат километр ҳажмда “3D” форматида сейсмик-қидирув ишларини бажаради. Бу ҳақида “Ўзбекнефтгаз” АЖ хабар бермоқда.
Акционерлик жамиятининг маълум қилишича лойиҳада ҳудудда ўрганилаётган 20 та коннинг рақамли геологик моделларини яратиш, улар чуқур қатламларини ўрганиш орқали конларнинг қўшимча истиқболларини баҳолаш, янги майдонлар углеводород захираларини аниқлаш бўйича зарур ишларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Нима учун айнан Татаристон компанияси?
Uzdiplomat сўровига кўра, “Ўзбекнефтгаз” матбуот котиби мазкур компания танлов ва музокаралар асосида энг яхши натижа бергани учун танланганини маълум қилди. Шунингдек, ушбу шартнома комплекс экспертиза қилиш марказидан ижобий хулоса олган. Бироқ, акционерлик жамияти матбуот котиби М. Ибодов танлов ҳужжатлари ва компанияга рақиб бўлган субъектлар номини очиқламади.
Маълумотларга кўра, “ТНГ-Групп” компанияси 2018 йилда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган геологик қидирув ишлари билан шуғулланувчи «TNG LOGGING» масъулияти чекланган жамиятининг 100 фоиз эгаси ҳисобланади.