Аввалроқ Uzdiplomat.uz Таиланд оммавий ахборот воситаларига таяниб, мамлакат иқтисодиётини рағбатлантириш мақсадида Ҳукумат виза қоидаларини юмшатишни ўз ичига олган иқтисодий рағбатлантириш режасини эълон қилгани ҳақида хабар берган эди. Унга кўра, Таиландга 60 кунгача визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар сони амалдаги 57 тадан 93 тага кўпаяди, 36 та янги давлатлар қаторига Ўзбекистон ҳам киритилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур хабар юзасидан тушунтириш берди ва бу режим ҳозирча кучга кирмаганини маълум қилди.
“Ушбу масала бўйича мамлакатимизнинг Бангкокдаги бош консулхонаси Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди. Таиланд ТИВ Консуллик департаменти маълумотига кўра, виза режимининг узайтирилиши тўғрисида ҳозирча расман ҳеч қандай маълумот эълон қилингани йўқ”,
дея ёзган вазирлик.
ТИВнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон томони визасиз режим бўйича Таиланд ҳукумати қарор имзолаган.
“Таиланд ТИВ минтақавий бошқармаси маълумотига кўра, виза тартибини соддалаштириш бўйича ҳукумат қарори мавжуд ва бу бўйича Консуллик департаменти томонидан Таиланднинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига тегишли йўриқнома юборилади ва ТИВ сайтида расмий маълумот чоп этилади”,
дея қўшимча қилган вазирлик.
Шунингдек, бир томонлама жорий этилаётган виза режимини соддалаштириш тартиби маълум муддатдан сўнг бекор қилиниши ҳам мумкин. Ўзбекистон ТИВ Таиланд томонидан расмий нота олиниши билан қўшимча хабар беришини айтиб ўтган.