Жорий йилнинг 14 июль куни кучли сел туфайли Андижон вилоятининг Хўжаобод ва Жалақудуқ туманлари орасидаги кўприклардан бири қулагани тасвирланган видео тарқалганди.
Гарчи сув оқими баланд бўлмаса-да кўприкнинг ўртаси қулаган ва сувга тушиб кетган.
Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдириб, кўприкни қайта қуриш ишлари бошланганини маълум қилди.
Аммо бу Ўзбекистонда қулаб тушган ягона кўприк эмас. Uzdiplomat.uz ўрганишларига кўра, 2023-2024 йилларда (бир ярим йил ичида) республикада жами 10 та кўприк қулаб тушган.
Масалан, Ўзгидрометнинг хабар беришича, 14 июль кунги сел оқибатида автомобиллар ўтувчи кўприкдан ташқари Хўжаобод туманидаги Оқбуйра дарёси орқали ўтувчи пиёдалар кўприги ҳам вайрон бўлган.
Шунингдек:
- 21 май куни Самарқанд вилояти Ургут туманида ҳам маҳалла ичидан ўтган кўприк ёғингарчилик оқибатида қулаб тушган. Мазкур кўприк 1974 йилда аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, фуқаролар мурожаатларига қарамасдан 60 йил давомида таъмирланмай келган бўлган.
- 20 май санасида эса Андижон вилояти Андижон тумани Дарёбўйи МФЙда Қорадарё устидан ўтган кўприк қулаган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога кўра, кўприк эскириб қолган ва таъмирталаб аҳволда бўлган. - Жорий йилнинг 6 май куни Қашқадарё вилоятида Чироқчи ва Шаҳрисабз туманларини боғловчи дарёдаги сел кўприкни бузиб кетган.
Маълум бўлишича, ҳолат Қашқадарё дарёси узан устидан ўтган кўприкнинг асос пойдеворини сел сувлари ювиши сабабли юзага келган. Ўшанда Чироқчи туман ҳокимлиги кўприкни таъмирлаш ишлари бошланганини хабар қилган.
- 4 март санасида Бухоро вилояти Жондор туманидаги Зарафшон дарёси устига қурилган кўприк қулаб тушган. Оқибатда унинг устидан ўтаётган юк машинаси дарёга тушиб кетган.
Жондор туман ҳокимлиги эса буни юк машинаси олиб ўтаётган юкнинг оғирлиги билан изоҳлаган. - Шу каби жорий йилнинг 16 февраль куни Қашқадарё вилояти Муборак туманида ҳам кўприкнинг ўртаси бўлиниб кетган. Бу вазиятда ҳам ҳокимлик кўприкнинг сифатсиз қурилгани учун ўзини эмас, юк машиналарини айблаган.
“Муборак тумани ҳудудидан ўтувчи “Муборак – Помуқ – Аланг – Нишон” автомобиль йўлининг 17 кмда, 1982 йилда (зовур устида) қурилган, узунлиги 12 пм бўлган кўприк оғир юк ташувчи автотранспорт воситаларининг мунтазам ҳаракатланиши натижасида носоз ҳолатга келиб қолган”, деган ҳокимлик.
- 2023 йилнинг октябрь ойида Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида кўприк қулаб тушганди. Унинг қурилишига эса нақд ярим миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағ сарфланган. Атиги 1,5 йилга бардош бера олган кўприкнинг юқори плиталари кўп ўтмай қулай бошлаган.
- 2023 йилнинг 16 сентябрь куни Сирдарё вилояти Оқолтин туманида жойлашган кўприк яхши қурилмагани сабабли синиб, чўкиб кетган.
Ҳокимлик йўлнинг «Тошкент-Жиззах» йўналишидаги қисмида жойлашган кўприк оралиқ қурилма балкаларининг 5 тасида ёриқ вужудга келгани билан вазиятни тушунтирган.
- 2023 йил 12 август куни ижтимоий тармоқларда халқаро аэропортга олиб борувчи йўл устига қурилаётган кўприк тўсинларининг поезд қатнови таъсирида қулаб тушгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Ўшанда Тошкент шаҳар ҳокимияти «Ягона буюртмачи хизмати» ИК буюртмачилигида «Кўприкқурилиш» трести УК томонидан амалга оширилаётган «Тошкент шаҳар Яккасарой тумани «Бобур» кўчасидан Ислом Каримов номидаги «Тошкент халқаро аэропорти»га олиб борувчи ва «Содиқ Толипов» кўчасига чиқиш ва тушишга имкон берувчи йўл ўтказгични замонавий қурилиш стандартлари асосида қайта қуриш» объектида, темир-бетон оралиқ қурилмаларини (балка) кран ёрдамида монтаж қилиш жараёнида, эҳтиётсизлик оқибатида бир-бирига урилиб, 5 дона балка монтаж жойидан тушиб кетганини айтган эди.
Шунинг билан, бир ярим йил ичида Ўзбекистонда жами 10 та кўприк турли сабаблар билан қулаб тушгани маълум бўлмоқда. Шу ўринда савол пайдо бўлади – ХХI асрда Ўзбекистон қурувчилари оддий кўприклар қуришни ва таъмирлашни ҳам эплолмаяптими?
Нима учун кўприклар қулашидан олдин таъмирланмайди? Таъмирланса, нега сифатли қилинмайди? Айбдорлар эса жазоланмайди? Ёки қурбонлар бўлиши шартми?
2023 йилда «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида Ўзбекистонда 14 863 та кўприк борлиги, шундан 32 фоизи, яъни 4834 таси қониқарсиз, 5−6 фоизи эса яроқсиз ҳолатда экани айтилганди.
Шу йилнинг ўзида давлат раҳбари томонидан авария ҳолатидаги кўприкларни тиклаш бўйича алоҳида қарор ҳам қабул қилинган ва унда 2024 ҳамда келгуси йилларда давлат бюджетидан зарур маблағларни ажратиш белгиланган.
Ҳатто бу бўйича алоҳида дастур қабул қилинган ва унда келгуси йилларда 226 та кўприкни тиклаш кўрсатилган.