2023 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида жами 14 666 нафар ўзбекистонлик хорижий мамлакатларга кўчиб кетган. Бу ҳақда Статистика агентлиги томонидан эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг аҳоли миграцияси” бюллетенида келтириб ўтилган.
Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан деярли 5 бараварга кўп бўлиб, ўтган йилнинг худди шу даврида Ўзбекистонни тарк этганлар атиги 3 152 кишини ташкил қилганди.
Хорижий мамлакатларга кўчиб кетганларнинг асосий қисмини Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси ташкил қилиб, улар 5 970 нафарга тенг. Ўтган йили ҳам Ўзбекисттонни энг кўп қоқақалпоғистонликлар тарк этган – 977 нафар.
Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга кўчиб кетганлар сони бўйича иккинчи ўринда эса Тошкент вилояти аҳолиси турибди. 2023 йилнинг 9 ойи ичида жами 3 901 киши мазкур вилоятни тарк этиб, хорижга кўчиб кетган.
Шунингдек, Навоий вилоятидан 1 930 киши ҳамда Тошкент шаҳридан ҳам 1 848 киши хорижий мамлакатларда истиқомат қилишни танлаган.
Ўз ўрнида, жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга кўчиб келганлар сони ҳам ортган. Фақат 5 бараварга эмас, деярли икки бараварга. 2022 йилда хорижий давлатлардан Ўзбекистонга кўчиб келганлар сони 1 489 нафарни ташкил қилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 2 262 нафарга тенг бўлди.
Бунда энг кўп кўчиб келганлар сони Тошкент шаҳри хиссасига тўғри келиб, улар 1 246 нафарни ташкил қилади. 2022 йилнинг мос даврида пойтахтга кўчиб келганлар сони 853 нафар эди. Бундан ташқари, Навоий вилоятига 159, Тошкент вилоятига 541, Қорақалпоғистон Республикасига эса 151 киши кўчиб келган.