“Импорт қилинган автомобилларни сертификатлаш учун Пскентдаги полигонга олиб келганлар навбат кўплигидан шу ерда тунаб қолишига ҳам тўғри келмоқда”. Шу кунларда бундай хабарларни тез тез кузатишингиз мумкин. Турли тийиқсиз тажрибалардан, мукаммал ишланмаган қарорлардан, сунъий ўрнатилаётган тўсиқлардан одамлар зада бўлмоқда.
Ҳукумат жамиятда янгиликни амалга ошириши учун одамлар ҳаёти билан тажриба ўтказиши керак эмас, аксинча аҳолига мукаммал ишланган режа асосида ишлаб кетадиган, норозиликка сабаб бўлмайдиган тизим яратиб бериши керак.
Президент жамиятнинг ривожланиши, одамларнинг эркин фаравон яшаши учун қарор ва фармонлар чиқаради. Буларнинг ижросини таъминлаш эса бевосита ҳукуматнинг зиммасида. Аммо бизда Президент берган топшириқлар ўз вақтида самарали бажарилаяптими? Чиқарилаётган қарор ва фармонлар ижроси таъминланаяптими? Саволларга баралла жавоб бериш мушкул.
Ҳаво ҳар куни тунд, ўзгаришдан дарак йўқ. Қора булутлар ортидан ҳаливери қуёш кўринмайдигандек. Ўзбекистон ҳукумати ҳам мана шу ҳаво каби одамларни умидсизлик, бир ҳиллик домига тортмоқда. Кутманг, умид қилманг биз ўзгармаймиз, деяётгандек.
Салкам 10 йиллик даврда Арипов бошчилигидаги Бош вазир ўринбосарлари, тармоқ вазирлари қандай янгиликлар қила олди, йиллар давомида ҳукумат олдинга қадам ташладими ёки ботқоққа ботаяптими, деган саволни ўртага ташлашга бугун жамоатчилик юз фоиз ҳақли.
Қайси соҳада бугун Ўзбекистон гуллаб яшнамоқда, коррупциядан ташқари, албатта. Ҳукумат ҳақиқатан одамларга хизмат қилаяптими, одамларнинг юқорига ишончи ортдими ёки аксинча?!
Бюджет маблағлари ажратилган тармоқларга тўлиқ етиб бораяптими?
Камбағаллик йил сайин қисқариб бораётганига ишониш мумкинми?
Қай сохага мўраламанг тизимли муаммолар қаршисидан чиқасиз. Ҳукумат белгилаган тараққиёт стратегияси бугун фақат қоғоздагина чиройли. Тараққиётга ҳам фақатгина қоғозларда эришилмоқда. Амалдаги манзара тунд.
➖Энергетика масаласи долзарблигича қолмоқда.
➖Ахборот сиёсати шахсларга хизмат қилувчи, эркин фикр, танқидларни таловчи троллар армиясига бўлиниб кетган.
➖Экология соҳасида об-ҳаво, сув, қурғоқчиликка ечим берувчи стратегия тақдим этилмаган.
➖Тиббиётда ҳамон суғурта масаласи кўндаланг турибди.
➖Таълимда оддийгина форма, ўқув қўлланмалар, маош масаласи ечим кутмоқда.
➖Аксар жамғармалар шаффофлиги таъминланмаган.
➖Давлат хизматчилари кадрлар масаласи харобдек. Иқтисодчи бугун тиббиётга вазир бўлса, эртага солиққа, индинга ташқи миграция раҳбари бўлиб турибди.
Ҳукумат тубдан янгиланиш, ўзгаришларни кутиб нураб бораётгандек.
Мана неча йилдирки биз таниган ҳукуматдаги раҳбарлар қиёфаси ўша-ўша, уларнинг соҳаси ўзгариши мумкин, бошқарувда лавозимларда қолаверади. Шунинг учун ҳам бошқарувдаги ишларда силжиш сезилмайди. Шаҳарсозлик, қишлоқлар инфратузилмасини яхшилаш, текис йўлларни кўпайтириш, палапартиш қурилишларни тўхтатиш. Юқорида саналган биронта соҳада яқин келажакда илиқ ўзгаришларни кутиш ўринсиздек.
Раҳбарлар ўзгариши мумкин, лекин муаммолар ўзгармайди. Янгилик яратиши, компания фаолиятининг ривожланиши учун яқинда Ўзбекистон телерадиокомпаниясига янги раҳбар қўйилди.
Хўш, нима ўзгарди?
Давлат бюджетидан ортиқча пул олиш, сарфлаш бу ривожлантириш, янгилик яратиш белгиси эмас. Ҳозирча МТРК раҳбари жамоатчилик кўз ўнгида фақатгина бюджетдан ортиқча маблағ олаётгани (МТРК — 881,4 млрд сўм (ўтган йили 559 млрд 913,6 млн) билан эсда қолмоқда.
Ҳукуматнинг жамоатчилик олдидаги ваъдалари эса бисёр. 2020 йилда ичимлик суви таъминоти даражасини республикада 69 фоиздан 91 фоизга кўтаришни ваъда берган эди. Кўтарилдими? Қишлоқлар инфратузулмаси яхшиланиши, бош режалар тасдиқланиши, фаравонлик даражаси ўсиши лозим эди. Ваъдалар бажарилдими?
Мана сайлов ўтди, парламент ўзгарди, Сенат ўзгарди. Қонун чиқарувчилар ўзгарди. Энди ижро тизимимиз ҳам ўзгарса, жамият ҳам ўзгаради, аксинча эса…