“Марказий Осиё ҳукуматлари Эроннинг минтақа учун дарвоза вазифасини ўташ таклифидан эҳтиёт бўлишлари керак” – The Diplomat
The Diplomat нашри Эрон билан алоқа ўрнатиш Қирғизистон ва Ўзбекистон каби Марказий Осиё давлатлари учун жозибадор бўлиши, аммо Теҳрон билан муносабатларнинг кучайиши охир-оқибат тескари натижа бериши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Қайд этилишича, яқинда имзоланган ва тез орада ишга тушиши кутилаётган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси Эрон билан алоқаларни мустаҳкамлашни тақазо этади. Аммо бунинг бир қанча хавфлари бор.
Жорий йилнинг 21 май куни Каспий сиёсат маркази томонидан ташкил этилган 8-йиллик Транскаспий форумида Қирғизистоннинг АҚШдаги элчиси Бакит Аманбоев ушбу лойиҳа Араб денгизига чиқиш учун Покистон билан боғланишини иқтисодий ва ижтимоий томонлама “барча учун алоҳида аҳамиятга эга”лигини айтган.
Аманбоев Покистон ҳақида гапирар экан, Эрон ҳам денгизга чиқиш учун потенциал нуқта сифатида муҳокама қилинганини очиқлаган. Қирғизистон расмийлари 2021 йилда Эроннинг Бандер Аббос портига ташриф буюрган ва Бишкек Эрон орқали океанга етиб олмоқчи, деган тахминларга сабаб бўлган. 2023 йилда Қирғизистон темир йўллари компанияси директори ўринбосари Дастан Усубақунов ҳам “Биз Бандар Аббос порти орқали Форс кўрфази ва Тинч океанига чиқиш имкониятига эга бўламиз”, деган эди.
Яқинда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) йиғилишида Эроннинг Тожикистондаги элчиси Эрон Марказий Осиёнинг халқаро бозорларга кириш эшиги бўлиши мумкинлигини айтди. Элчи Алириза Хагигяннинг таъкидлашича, Эрон ўз жойлашувини ҳисобга олиб, Марказий Осиёга Форс кўрфазига ва у ердан кенгроқ дунёга чиқишга ёрдам бериши мумкин.
Теҳрон аввалроқ ҳам Марказий Осиё давлатлари билан транспорт инфратузилмаси алоқаларини оширишни муҳокама қилган. Масалан, Теҳрон 2022 йилдаёқ Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлига уланишни таклиф қилган ва 2023 йил октябрида Тошкент ва Ашхобод билан транзит йўлаги яратиш имкониятини кўриб чиққан.
“Эрон Тожикистон билан умуман яқин муносабатларга эга бўлса-да Теҳрон Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, хусусан, Қирғизистон билан ҳам яқинлашишни истайди. 2023 йилда Эроннинг Қирғизистондан нонефт маҳсулотлари импорти ортди. Хабарларда Бишкекнинг Эрон билан алоқаларини яхшилашдан манфаатдорлиги тилга олинган.
Мазкур темир йўл лойиҳаси Қирғизистонни Хитой орбитасига олиб чиқади. Бунда қарздорлик ва Пекинга тобора ортиб бораётган боғлиқлик катта ташвишлар туғдиради. Жапаров ҳукуматининг репрессив ҳаракатлари туфайли Қирғизистоннинг халқаро обрўсига путур етганини ҳисобга олсак, Бишкек-Теҳрон ҳамкорлиги Қирғизистон учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин”,
дея ёзган халқаро дипломатик сайт.
Мақолада, шунингдек, Эроннинг Ўзбекистон биалн алоқаларига ҳам тўхталиб ўтилиб, муносабатларнинг чуқурлашиши мамлакат учун туғдириши мумкин бўлган хавфлар саналган.
Эрон Ўзбекистон билан ҳам муносабатларни яхшилаш учун темир йўлга уланиш лойиҳаларини илгари суришга ҳаракат қилмоқда.
“Ўзбекистон ва Эрон ўртасида интеграция учун мустаҳкам замин мавжуд бўлса-да, Ўзбекистон-Эрон муносабатларида ҳамон қарама-қаршилик ҳиди бор”,
дея Иброний университети доктори Владимир Месамеддан иқтибос келтирган нашр.
Февраль ойида Тошкентда икки ҳукумат ўртасида бўлиб ўтган учрашувда Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Бағирий “икки давлат ўртасидаги кўп йиллик муносабатларнинг чуқурлиги халқ контекстида шаклланган ва шу сабабли уни бузиб бўлмайди”, деб таъкидлаганди. Қолаверса, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2023 йилда 500 миллион долларга етган.
“Марказий Осиё ҳукуматлари Эроннинг минтақа учун дарвоза вазифасини ўташ таклифидан эҳтиёт бўлишлари керак. Бунинг ўз-ўзидан равшан сабаби шундаки, Эрон АҚШ, Европа ва бошқа бир қатор ҳукуматлар томонидан яккаланган давлатдир. Халқаро майдонда унга нисбатан “ёмон актёр” сифатида қаралишида давом этмоқда. Яқинда Исроилга қарши учувчисиз самолёт ҳужумлари ва Эрон денгиз флотининг нефт танкерларини эгаллаб олиши билан боғлиқ воқеалар Вашингтон билан зиддиятни янада кучайтирди. Шундай қилиб, Эрон билан алоқалар кучайиши Марказий Осиё ҳукуматларининг обрўсига путур етказади”,
– деб ёзилган мақолада.
Нашрнинг ёзишича, бу огоҳлантириш Қирғизистон учун айниқса долзарбдир. Чунки америкалик сенатор Боб Менендез аллақачон Қирғизистон раҳбариятини Россияга санкциялардан қочишга ёрдам бериш ҳақида огоҳлантирган. Қирғизистонда жойлашган компаниялар эса Россия билан алоқалари учун санкцияга учраган. Бунинг натижасида Ғарб расмий Бишкекнинг Москва билан алоқасидан ташқари, Теҳрон билан ҳам алоқаларни кучайтирса, Қирғизистонга янада кўп санкциялар билан таҳдид қилиши мумкин.
“Теҳроннинг Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон йўлаги билан боғланишдан манфаатдорлигини каттароқ геосиёсий контекстга киритиш керак. Чекланган миқдордаги минтақавий иттифоқчиларга (жумладан, бошқа халқаро яккаланишга учраган Сурия,) эга бўлган Эрон, Марказий Осиё каби бошқа жойлардан ҳам шериклар ва иттифоқчилар қидирмоқда. Мамлакат 2023 йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо бўлгач, ғалабага эришди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзолик келажакда Эрон ҳарбийларини Марказий Осиё қуролли кучлари билан бирга тайёрлашга ёрдам беради. Марказий Осиёда иттифоқ тузиш Эронга халқаро изоляциядан қочиш ва глобал миқёсда ўзини қонунийлаштиришга ёрдам беради.
Эроннинг Марказий Осиёга нисбатан стратегияси ҳақида кўп ёзилган, баъзи таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Россия Украинага эътибор қаратаётган бўлса, “Эрон Россия томонидан қолдирилган бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қилмоқда [ва] Россия истилоси ҳам Марказий Осиё давлатларини иқтисодий ҳисоб-китобга мажбур қилмоқда”. Албатта, тарих ва география муҳим рол ўйнайди ва Эрон Марказий Осиё билан маданий ва тарихий алоқаларга эга. Шунга қарамай, Теҳроннинг Марказий Осиё учун таклифлари чекланган”,
дея қайд этилган мақолада.
Бундан ташқари, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси янгилик эмаслиги таъқидланиб, йиллар давомида бир нечта нотўғри қадамлар сабаб, у амалиётга кўчмагани эслатиб ўтилган.
“Демак, Жапаровнинг лойиҳа тез орада амалга ошади, деган оптимизми ўринли бўладими, буни кўриш керак. Лойиҳада иштирок этаётган уч давлат ичида Бишкек уни бошлашга энг иштиёқли бўлган кўринади (ТрансКаспий сиёсати форуми чоғида Қирғизистон элчиси ўз нутқида темир йўл лойиҳасини тилга олган ягона дипломат эди). Бу ҳолат ажабланарли эмас, чунки унинг географик жойлашуви ҳисобга олинса, Қирғизистон кенг дунёга чиқиш учун янги транспорт йўлакларига таянади.
Бироқ, темир йўл лойиҳаси қимматга тушади. У асосан Хитой сармоясига ва Бишкекнинг бошқа манбалардан, жумладан, халқаро кредит ташкилотларидан молиявий ёрдам олиш қобилиятига таянади. Мамлакатнинг иқтисодий аҳволи ва халқаро имиджининг ёмонлашишини ҳисобга олсак, халқаро молиявий ёрдам олиш қийин бўлиши мумкин”,
деган аргументлар келтириб ўтган The Diplomat.
Нашр мақолага якун асар экан, қимматбаҳо ва мураккаб халқаро темир йўл лайиҳаси қурилиши ниҳоят бошланиб, Марказий Осиё ҳукуматлари (айниқса Қирғизистон) геосиёсатнинг аҳамиятини ва глобал тартибсизликнинг ҳозирги ҳолатини унутмаслиги кераклигини уқтирган. Унинг айтишича, Эрон билан боғланиш жозибадор бўлиши мумкин, аммо Теҳрон билан муносабатларнинг кучайиши охир-оқибат тескари эффект бериши эҳтимолдан ҳоли эмас.