“Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-143-сон, 23.09.2024 й.) қабул қилинди
Фармонга кўра, 2024 йилнинг қолган даврида 500 минг, 2025 йилда 1 миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг ҳамда барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалга оширилади ҳамда дастурни амалга ошириш бўйича республика комиссияси ташкил этилади.
Дастур 2024 йил 1 ноябрдан қуйидагиларни назарда тутувчи “Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият” тамойили асосида амалга оширилади:
- барқарор бандлик ва юқори даромад топишга эришиш;
- таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганиш;
- кафолатланган давлат тиббий хизматидан фойдаланиш;
- ижтимоий хизматлардан фойдаланиш;
- яшаш шароитларини яхшилаш;
- давлат томонидан маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш;
- давлат органлари ходимлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш.
P/S: Яқинда Uzdiplomat нашри камбағалликнинг фармонда кўрсатилган худди шу белгилари билан яшаётган оила ҳақида лавҳа тайёрлаган эди. Аммо Маҳалла уюшмаси вакиллари бу оилани камбағал эмас, деб иддао қилиб чиққанди.
Ўйлаймизки, бу фармон жамиятнинг бу қатламини оғир иқтисодий аҳволдан олиб чиқиб кета олади. Агарда жойларда мутасаддилар белгиланган вазифаларни виждонан бажарсагина.