Бахтиёр Фозилов Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи активларини маълум қисмини Air Products компаниясига 140 млн АҚШ долларига сотди.
«Farg‘ona NQIZ» МЧЖ заводи ишлаб чиқариш активларини бир қисмини 140 миллион АҚШ долларига Air Products компанияси сотиб олган. Бу ҳақида Gazworld сайти хабар бермоқда.
Фарғона нефтни қайта ишлаб чиқарувчи заводи (НҚИЗ) 2020 йилда “Saneg” бошқарувига киритилган бўлиб, унга Баҳтиёр Фозилов эгалик қилади. Заводнинг сайтида келтирилишича завод 2020 йил “Saneg” таркибига киритилгандан буён модернизация қилинмаган. Эндиликда, дунёнинг етакчи водород ишлаб чиқарувчи “Air Products” компанияси заводни модернизация қилади ва ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиради. Ушбу лойиха Ўзбекистоннинг саноат бозорларида водороддан тижорат мақсадларида кенгроқ фойдаланиш учун имконият эшикларини очади.
Saneg асосчиси Бахтиёр Фозиловнинг айтишича:»Air Products билан келишув водород ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиси билан биргаликда Фарғона НҚИЗни модернизация қилиш бўйича узоқ муддатли режаларимизни амалга оширишнинг яна бир босқичини якунлаганини англатади. Saneg Air Products билан мустаҳкам муносабатларга эга, унинг юқори технологияларга содиқлиги ва тажрибаси Ўзбекистон нефть-газ сектори салоҳиятидан максимал даражада фойдаланишимиз ва шу билан бирга мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшишимиз учун замин яратади. Келишув доирасида биргаликдаги ишларимиз Ўзбекистон ҳукуматининг асосий устувор йўналишларидан бири – ички водород етказиб беришни кўпайтириш орқали давлатнинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга эришишда муҳим омил ролини ўтайди».
» Air Products дунёнинг энг йирик водород етказиб берувчиси ҳамда водород ёқилғиси инфратузилмаси бўйича етакчи бўлиб, бутун дунё бўйлаб водород қурилмалари учун хавфсиз ва ишончли ечимларни таклиф қилади. Водород ишлаб чиқариш бўйича илғор технологияларимиз ва тажрибамиз Фарғона заводи имкониятларини кенгайтиради, Марказий Осиёда нефть-газ соҳасининг ривожини қўллаб-қувватлайди, бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистонга янада юқори барқарорлик даражасига ҳамда энергия мустақиллигига эришишга ёрдам беради. Шу билан бирга Республиканинг экология борасидаги келажагига ҳисса қўшади», – деди Air Products бошқаруви раиси, президенти ва бош директори Сейфи Гасеми.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг май ойида Air Products компанияси “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан Қашқадарё вилоятидаги табиий газ ва синтез-газни қайта ишлаб чиқарувчи заводга эгалик қилиш ва бошқаришни кўзловчи 1 млрд АҚШ доллари миқдорида инвестиция шартномасини имзолаган эди.
Gas World Business Intelligence маълумотига кўра, 2023 йилда Ўзбекистон саноат гази бозори 53,6 млн АҚШ доллари миқдорида даромад қилган.