АҚШ Марказий Осиё учун савдо чекловини бекор қилмаса Россияга ютқазади
OilPrice нашри АҚШ совуқ уруш давридан қолган Жексон-Веник савдо чекловини олиб ташламаса Марказий Осиёда Россия ва Хитойга ютқазиб қўйиши мумкинлиги ҳақида мақола эълон қилди.
Мақола муаллифи, таҳлилчи Жеймс Дурсо АҚШ Хитой ва Россияга нисбатан Марказий Осиёда фаол эмаслигини сўнгги йилларда мамлакат президенти ҳам минтақага ташриф буюрмаганини ёзмоқда.
Нашрнинг ёзишича, жорий йилнинг 18 июлида Олий Мажлис Сенат Раисининг биринчи ўринбосари, сенатор Содиқ Сафоев бошчилигидаги делегация айнан шу Жексон–Веник чекловларига ўзгартиш киритиш ва Қўшма Штатлар билан фаол иқтисодий алоқаларни ўрнатиш мақсадида Вашингтонга борган.
Кўпчилик «совуқ уруш» қолдиғи, деб ҳисоблайдиган Жексон-Веник чекловлари ҳозиргача Марказий Осиёдаги Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикасига қўлланилади. Бироқ, Америка Конгресси тадқиқот хизмати маркази хабарларига кўра, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон АҚШ томонидан нормал мувофиқланган савдо муносабатлари мақомига эга ҳисобланади.
АҚШ Конгресси сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишига кўмаклашаётганини сезиш мумкин. 2023 йилнинг сентябрь ойида эса, АҚШ сенаторлари Крис Мерфи ва Тодд Йонг Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон учун учун совуқ уруш давридаги савдо чекловларини тугатиш ва бу мамлакатларга доимий савдо алоқаларини кенгайтириш таклифларини қўллаганлар.
Бугунги кунга қадар Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ЖСТ аъзоси ҳисобланади.
Марказий Осиё республикалари Хитой, Россия, Афғонистон ва Эрон билан яхши иқтисодий алоқаларни йўлга қўйган. Нашрнинг қайд этишича, XXI асрнинг аксар қисмида Марказий Осиё АҚШнинг Афғонистондаги аралашуви учун майдон бўлиб хизмат қилиб келган. Эндиликда АҚШ Марказий Осиёга яқинлашиш учун Хитой билан рақобатлашишга тўғри келади. Бу кунга қадар минтақага ҳеч бир АҚШ Президенти ташриф буюрмаган. Аммо Россия Президенти Владимир Путин ва Хитой Президенти Си Цзинпин Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг (ШҲТ) йиғилиши каби икки томонлама учрашувларда иштирок этишган. Нашрда ёзилишича, Марказий Осиё республикалари Қўшма Штатларнинг баъзи сиёсатларини қабул қилади ва керак бўлганда воситачи сифатида ҳаракат қилади, лекин улар Американинг «шер панжаси» бўлишни хоҳламайди.
Мақола муаллифи таъкидлайдики агар Вашингтон Жексон-Ваник чекловларини қайта кўриб чиқмаса, Марказий Осиё давлатлари ШҲТ ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи каби ташкилотлар билан алоқа ўрнатиш имконияти мавжуд. Бу эса АҚШнинг Марказий Осиёда ютқазиши хавфини оширади.