15 март куни Россия Федерациясида президентлик сайловлари учун овоз бериш жараёнлари бошланди.
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев бошчилигидаги делегация эса Россия Федерацияси Президенти сайлови бўйича овоз бериш жараёнларининг қай даражада ҳаққоний ўтаётганини кузатиб бормоқда.
Делегацияси аъзолари Москва шаҳридаги бир қатор сайлов участкаларида бўлиб, овоз бериш жараёнлари билан танишишга улгурган.
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, биринчи бўлиб Камчаткада овоз бериш учун сайлов участкалари очилган.
“Россиядаги сайловчиларнинг умумий сони 112,3 млн. нафарни, мамлакат ташқарисида эса тахминан 1,9 млн. нафарни ташкил этади. Шунингдек, тўртта номзоддан бирига онлайн овоз бериш имконияти ҳам яратилган.
Ҳозирда 89 та ҳудуддан 29 тасида, шу жумладан Москва шаҳрида масофавий электрон овоз бериш тизими (МЭОБ) орқали масофадан туриб овоз бериш имконияти мавжуд. Сайлов жараёни давомида участка ва ҳудудий сайлов комиссияларида видеокузатувлар ташкил қилинган”, – дейилган хабарда.
Маълумот учун, Россиядаги президентлик сайловлари уч кун мобайнида бўлиб ўтади ва 17 март кунига қадар давом этади.
Номзодлар:
«Новые люди» партиясидан Владислав Даванков;
Амалдаги президент Владимир Путин;
Либерал-демократик партиясидан Леонид Слутский;
Коммунистик партиясидан Николай Харитонов.