“Маънавият экспертиза”си бу нима? У ОАВ ва ижтимоий тармоқлар учун цензура ўрнатилишига асос бўлмайдими?
Uzdiplomat мухбири Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасановдан жавоб олди.
Марказ раҳбарининг фикрича, бу экспертиза ҳеч қандай чеклов ёки цензура эмас, балки фуқароларнинг талаби. Маълум бўлишича фуқаролар марказ боти орқали ёшларни маънавиятсиз сериаллардан ҳимоя қилишни сўраган. Отабек Ҳасановнинг айтишича, савиясиз ва маънавиятимизга зид сериаллар кўпайиб кетмоқда. Эндиликда маънавият экспертлари жамоаси тузилади. Унга мутахассислар билан бир қаторда журналист ва блогерлар ҳам киритилиши кўзда тутилган. Шунингдек, бу маънавият экспертизаси биринчи босқич бўлиб у яна чуқурлашиб давом эттирилади.
«Сериал ишлаб чиқарувчиларга маънавият маркази ғоя ва сценарий беришга ҳам тайёр», деди Ҳасанов.
Шундай экан, нима учун марказ сифатли контентларни қўллаб-қувватлаш орқали сифатсиз маҳсулотларга қарши курашмайди?
Мазкур саволга Отабек Ҳасанов жавоб берар экан «лойиҳалар бўлади, бизга кўплаб мурожаат бўлгани учун савиясиз сериалларни экспертизадан ўтказиб тавсия берамиз», деди. Унинг айтишича марказ биронта медиаконтентни фаолиятини тўхтатмайди, бунга уларда ваколат йўқ.
Нима учун Россия телеканаллари ва ташқи дезинформацияга қарши кураш билан шуғулланмайсизлар, деган саволга марказ раиси бу борада мурожаатлар бўлмаганини баҳона қилди. Яъни Отабек Ҳасановга кўра Россия пропагандасини тўсишни сўраб, маънавият ва маърифат марказига ҳеч ким мурожаат қилмаган.