Америкага, Россияга ёқиш учун парламент 99% аҳоли эшитмаган мавзуни кўтармоқчи, дейди сиёсатшунос Анвар Назир. У Алишер Қодировни Ўзбекистонда ЛГБТ тарғиботини тақиқлаш бўйича Қонун ишлаб чиқилаётгани ҳақидаги фикрини танқид остига олди.
«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров бу борада меъёрий ҳужжат устида иш олиб борилаётганини айтган. У трансгендер муносабатлари авж олган АҚШда ҳам Трамп даврида тарғибот камайтирилишини мисол келтирган.
Сиёсатшунос, тарихчи Анвар Назир Миллий тикланиш партияси кўтарган бу масалани Ўзбекистон учун биринчи даражали зарурий масалалардан эмас, деб ҳисобламоқда. “Жиноят кодексида бу бўйича жазо бор ва бу етарли”, дейди Анвар Назир. Унга кўра, парламент олдида Трамп ва Путинга ёқишдан кўра муҳимроқ масалалар бор, масалан: газ, тоза сув, иссиқлик муаммоси.
10 йилдан кейин сувсизлик сабаб Ўзбекистон яшаш учун яроқсиз аҳволга келади. Ўзбекистон учун экологик муаммо жиддий. Ўзбекистон она тилини, тарихини ёш авлодга тарғиб қилиш ўрнига, бор бутун кучини кўпчилик ўзбеклар танимаган Хеллоуин ва Авлиё Валентин куни билан курашга кетказди. Тил сиёсати эса масалан, ҳали ҳам бир аҳволда, тил ҳақидаги янги қонун ҳали ҳам йўқ.
Анвар Назир ўз фикрини мухтасар қилиб шундай ёзади: “Ўзбекистон аҳволи расво, қарзлар, экологик муаммолар, сув етишмаслиги яна 10 йилдан кейин 50% Ўзбекистон ҳудудини ҳаётга яроқсиз қилиб қўяди. Шу аср ўртасига келиб эса 80% ҳудуд яшашга яроқсиз ҳолга тушиши мумкин. Бу дегани, Ўзбекистоннинг ярмида ҳаёт бўлмайди, иқтисод кескин қисқаради. Бунақа аҳволда ривожланиш эмас, яшаш учун имконият қолмайди. Ва бу атиги муаммоларнинг биттаси холос. Бундан ташқари, энергетика, ташқи савдо коридори бизга ҳозир ўта зарур ва ягона имконият бу масалада ЕИ таклиф қилган Транскаспий коридори. Афғонистон орқали чиқиш бу эртак, бу учун ярим триллион долларни ҳеч ким бермайди, Ўзбекистонда эса бунақа пул йўқ. Шунинг фонида булар 4 йилга сайланган Трампга ёқаман, деб аҳмоқ ишлар билан овора.
Трампга Ўзбекистон керак эмас, қизиқ ҳам эмас, лекин Американинг Хитой билан савдо уруш бошланса бунинг Ўзбекистонга таъсири жуда катта бўлади. Шуларни таҳлил қилишнинг ўрнига булар бемаъни ишлар билан банд. Телбалар деса ҳам юмшоқ. Яна қўшимча: бесоқолбозлик 99% ўзбеклар учун, агар 100% демасак, бу ўта тақиқланган мавзу, яъни бу жамиятда ҳеч қачон кенг тарқалмайдиган унсур. Кейин, бусиз ҳам бу учун Ўзбекистон Жиноят Кодексида жазо бор. Шунинг учун бу жиддий муаммолардан эмас. Масалан, педофилия, аёлларга нисбатан зўравонлик, ҳақиқатдан ҳам ўзбек жамиятида бугун кўпаймоқда, бу жиноятлар учун жазолар эса бизда юмшоқ. Шунинг учун шу муаммога эътиборини қаратсин бунақа ахлоқ ҳимоячилари. Неча йил Ўзбекистон она тилини, тарихини ёш авлодга тарғиб қилиш ўрнига, бор бутун кучини кўпчилик ўзбеклар танимаган Хеллоуин ва Авлиё Валентин куни билан курашга кетказди. Тил сиёсати эса, масалан, ҳали ҳам бир аҳволда, тил ҳақидаги янги қонун ҳали ҳам йўқ, 99% аҳоли учун долзарб қонун. Бу ерда эса Америкага, Россияга ёқиш учун парламент 99% аҳоли эшитмаган мавзуни кўтармоқчи.
Трампни, Путинни эмас, Ўзбекистон юртдошларини кўнглини олиш ва уларга хизмат қилиш Ўзбекистон парламентининг бурчи, шуни менимча Алишер Қодировга эслатиб қўйиш керак ва бутун юрт парламентига. Одамлар газ, тоза сув, иссиқлик, чироқ билан боғлиқ, қимматлашиб кетган ҳаёт билан боғлиқ муаммоларни ечимини кутяпти десам янгилик бўлмаса керак кўпчилик учун!”, дейди сиёсатшунос Анвар Назир.