7 сентябрь куни ўтган “Ватандош” интеллектуал клубининг навбатдаги йиғилиши “Ўзбекистонда ислом молияси” ҳақида бўлди.
Йиғилишда экспертлардан Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид, Анвар Турсунов, Ҳусаин Ражабов, Алижон Равшанов, Санжар Бегзодов, Нуриймон Абулҳасан ва бошқалар қатнашди.
Нодавлат таълим муассасалари ассоциацияси раиси, исломшунос олим Нуриймон Абулҳасаннинг айтишича, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда домлаларимизга кредитлар бўйича кўплаб саволлар берилмоқда.
“Биринчидан биз шуни яхшилаб англашимиз керакки 90 фоиздан ошиқроқ аҳолиси мусулмон мамлакатда яшаяпмиз. Менга айтишади: Кечалари уйғониб кетаман. Кредитим бор, худди ҳаром ишни қилиб юраётгандекман. Ишонасизларми, йўқми, мана шу оддий кредит бор-ку автокредит бўладими, ипотека кредит бўладими, бу бир неча баробар қиммат. Лекин бизни қизиқтирадиган нарса ҳалолми, ҳалолмасми нуқтамиз ўша ерда. Автокредит ва уй кредитнинг номини мусулмончиликка хос қилиб беришга ҳаракат қилайлик. Айни дамда энг катта қиладиган ишимиз шу бўлиши керак”, – дейди у.
Нуриймон Абулҳасаннинг айтишича, ислом молиясига 10 йилдами, 15 йилдами киришимиз номаълум.
«Лекин мусулмон ўлароқ эртага ҳеч кимга кафолат берилмаган. Эртага биз яшаймизми йўқми. 90 фоиз аҳолини ким ўйлайди. Нима учун улар ҳаром еяпманми, деб ўзларини қийнаши керак, нима учун? Биз шуни охиригача еткизиб, тўғрилаб тушунтириб қўйсак бўлади-ку.
Платформагами, қонунчиликка киритиб қўяйлик. Ислом молияси шаклида кредитларни қиладиган бўлсак, бу ерда пули муҳим эмас ҳозир, қиммат бўлса ҳам лекин, ҳалоллик жойини, мутахассис сифатида, сизлар, жамоатчилик, ҳаммамиз биргалашиб эришишимиз керак. Агар керак бўлса администрацияга чиқамиз, тушунтирамиз», – деди Нуриймон Абулҳасан.
Шунингдек, Нуриймон Абулҳасан мамлакатда ислом молияси бўйича бугунги кундаги қилинаётган ишлар ҳақида экспертлардан сўради.
Унинг саволига жавоб берган ҳуқуқшунос, юридик фанлари доктори “IFCB» компаниясининг ижрочи директори Ҳусаин Ражаповнинг айтишича, ҳукумат томонидан ислом молияси учун имкониятлар яратилиб берилмоқда.
“Тақдимотларимизда ҳам айтдик. Микромолия ташкилотларига ислом молияси хизматлари асосида фаолият юритишига рухсат берди. Бу нима дегани жисмоний шахсларга микромолия ташкилоти 100 миллионгача молиялаштириши мумкин. Кам бўлиши мумкин, лекин бор. Тадбиркорларга 300 миллионгача лимит қўйилган. Менимча аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб микромолия ташкилотлари Ўзбекистонда кўпаяди. Микро доирада кредитларини ечиш мумкин”, – деди эксперт.
Ражаповнинг айтишича, президент август ойида бу бўйича ваъда берган.
«Мен ўйлайманки яқин ойларда банкларга ҳам бундай имкониятлар берилади. Нафақат кичик миқдордаги қарз (кредит), катта миқдордаги пуллар учун ҳам банкларда бу масалага ечим топилади деб ўйлайман»,- деди у.