11–22 ноябрь кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (BMT UNFCCC) иштирокчилари конференциясининг 29-сессияси (COP29) бўлиб ўтади.
Иқлим ўзгариши бўйича БМТнинг доиравий конвенцияси (COP-29) доирасидаги Конференция иқлим масалалари бўйича ҳар йили ташкил этилади ва глобал исиш ҳамда унинг оқибатларига қарши курашишга йўналтирилган стратегияларни ишлаб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш учун энг муҳим халқаро тадбирлардан бири саналади.
Анжуманда давлат етакчилари, халқаро ташкилот вакиллари, олимлар, жамоатчилик фаоллари ва бизнес ҳамжамияти вакиллари иштирок этади.
Тадбирда ҳозирги иқлим ҳолати, карбонат ангидрид чиқарилишини камайтириш режаси ва барқарор иқтисодий моделлар томон ўтиш масалалари муҳокама қилинади. Тадбир 1992 йилда қабул қилинган Иқлим ўзгариши бўйича БМТ доиравий конвенцияси (UNFCCC) доирасида ўтказилади ва ҳар йили 190 дан ортиқ давлатлар делегацияларини йиғади.
Ўзбекистон делегацияси ҳам унда иштирок этади.
COP-29 нинг асосий мақсадлари нималардан иборат?
У ҳар бир мамлакат учун аҳамиятли масалаларни қамраб олади:
- Миллий иқлим мажбуриятларини янгилаш. Ҳар бир иштирокчи мамлакат ўзининг зарарли газлар чиқарилишини камайтириш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва атроф-муҳитга таъсирни камайтириш бўйича мажбуриятларини тақдим этиши керак.
- Иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш. Қурғоқчиликлар, сув тошқинлари ва денгиз сатҳининг кўтарилиши каби ҳолатлар сони ошиб бораётган шароитда, мамлакатлар экотизимлари, жамоат инфратузилмаси ва маҳаллий жамоаларни ҳимоя қилиш усулларини муҳокама қилишади.
- Иқлим лойиҳаларини молиялаштириш. Паст углеродли иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлаш учун молиявий манбалар ва ҳажмларни белгилаш устувор вазифалардан биридир, айниқса ривожланаётган мамлакатларда.
- Барқарор энергетикани ривожлантириш. COP доирасида қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланишни камайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш йўллари кўриб чиқилади.
Нима учун COP муҳим?
Таъкидлаш жоиз, COP Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияни назорат қилувчи олий қонунчилик органи бўлиб, ҳозирги кунда 198 мамлакатни бирлаштирган.
COP— бу иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини берувчи ягона йирик платформа. Олдинги сессияларда, масалан, 2015 йилда Париж келишуви имзоланган бўлиб, унда иштирокчилар глобал ҳарорат ўсишини чеклаш ва иқлим барқарорлигини таъминлашга ёрдам бера оладиган даражада зарарли газлар чиқарилишини камайтиришга келишиб олгандилар.
Кўплаб давлатлар учун COPда иштирок этиш ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш имконини беради. Бу эса уларга иқлим ўзгариши оқибатларини тезроқ ва самаралироқ бартараф этишда ёрдам беради, айниқса унинг таъсирига энг кўп учрайдиган минтақаларда.
Маълумот учун, икки ҳафталик конференция дастури юқори даражадаги ялпи мажлислар, дунё етакчиларининг иқлим бўйича саммити, Ижроия кенгаши йиғилишлари, мувофиқлаштирувчи учрашувлар, ёшлар иқлим форуми, иқлим бўйича жаҳон саммити, 17-Найроби иш дастури координаторлари форуми, молия, сармоя, савдо, яшил энергия, технология ва инновациялар, соғлиқни сақлаш, инсон тараққиёти ва ёшлар, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, табиат ва биохилма-хиллик, транспорт ва туризм, гендер тенглиги ва бошқа мавзуларда давра суҳбатлари ва семинарларни ўз ичига олади.