Абдулла Арипов учинчи марта ҳам Бош вазир лавозимига тасдиқланадими?
Биринчи бор А.Арипов 2016 йил декабрда Ўзбекистон либерал-демократик партияси томонидан Бош вазирлик лавозимига номзоди кўрсатилган ва ушбу лавозимга тасдиқланган. Иккинчи бор 2020 йил январь ойида Бош вазир лавозимига қайта тасдиқланган эди.
Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтди, натижалар эълон қилинди. Унда амалдаги Парламентда энг кўп ўринга эга бўлган партия — ЎзЛиДеП ғолиб бўлди.
Сайловлардан кейин ҳукумат раҳбари ўзгарадими? Мазкур, саволга ҳозирча на ҳукумат матбуот хизмати ва на бошқа расмий идоралар жавоб берган эмас.
Янги Конституцияда эса ҳукумат раҳбари қачон ва қай тартибда алмашиши аниқ кўрсатиб ўтилган. Конституцияга кўра, Олий Мажлиси палаталарининг мансабдор шахслари сайлангандан ва органлари шакллангандан сўнг бир ой ичида Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши ва маъқуллаши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг тақдим этилади. 118-модданинг мазкур қисмига кўра, бир ой ичида Бош вазир лавозими Қонунчилик палатасига тақдим этилиши керак. Ҳозирча, бу ҳақида расмийлар маълумот бермаган. Бирон амалдор ёки партия раислари Бош вазирлик лавозими ёки шахси ҳақида фикр ҳам билдирмаган.
Янги Конституциянинг 118-моддасида қуйидагилар назарда тутилади:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мансабдор шахслари сайлангандан ва органлари шакллангандан сўнг бир ой ичида ёки Бош вазир лавозимидан озод этилганидан кейин ёхуд Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг амалдаги таркиби истеъфога чиққанидан кейин бир ой ичида Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши ва маъқуллаши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг тақдим этилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тақдимнома киритилган кундан эътиборан ўн кун ичида кўриб чиқади.
Бош вазир лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади.
Бош вазир номзоди унинг учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг ярмидан кўпи томонидан овоз берилган тақдирда маъқулланган ҳисобланади.
Бош вазир лавозимига тақдим этилган номзод уч марта рад этилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни тайинлайди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасини тарқатиб юборишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари уларнинг номзодлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг амалдаги таркибини ёки аъзосини истеъфога чиқаришга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзосининг ўз фаолиятига оид масалалар юзасидан ҳисоботини эшитишга ҳақли. Вазирлар Маҳкамаси аъзосининг ҳисоботини эшитиш якунларига кўра, Қонунчилик палатаси уни истеъфога чиқариш тўғрисидаги таклифни Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун киритишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолари парламент сўровларига ва Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўровларига қонунда белгиланган тартибда жавоб бериши шарт.
Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини ташкил этиш тартиби ва ваколат доираси қонун билан белгиланади.