Ободонлаштиришдаги сусткашлик сабабли Бош вазирдан хайфсан олган, Андижон вилоят ҳокимидан эса сўкиш эшитган собиқ ҳоким энди айни шу тизимни бошқаради.
Ножўя видеолар тарқалгач, бир кун ўтиб бошқа сабаб билан ишдан олинган собиқ Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев салкам 5 йил ўтиб яна мансабга тайинланди.
Турли йилларда таълим лавозимларида ишлаган, бир муддат Андижон вилояти халқ таълимини бошқарган ва 2016-2019 йилларда Андижон шаҳри ҳокими лавозимида фаолият юритган Дилмурод Раҳматуллаев Андижон шаҳар ҳокими қарорига асосан шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинлаган.
У 2017 йилда Андижон шаҳридаги таълим муассаса раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, аудиоёзувлари интернетда тарқалганда, собиқ ҳоким 5,1 млн сўм жаримага ҳам тортилган.
17 августда собиқ ҳоким янги лавозимда пайдо бўлди.
Uzdiplomatʼ га исмини ошкор қилмаган манбанинг хабар беришича Андижон вилояти ободонлаштириш бошқармаси кўпчилик учун зинапоя вазифасини бажарган. Уларнинг кўпчилиги ё бойиб кетган, ёки юқори лавозимларга кўтарилиб кетган.
«Ободонлаштиришга ҳеч қачон бекорчи одам қўйилмайди. Чунки ҳамма пул ўша ерда. Гуллар, дарахтлар учун миллиардлаб пуллар ажратилади», — дейди манба.
Uzdiplomat Андижон вилояти матбуот хизмати билан боғланганида бу гаплар ёлғонлиги ва ҳеч қандай асосга эга эмаслиги билдирилди.
«Андижон вилояти Ободонлаштириш бошқармаси ҳеч кимга трамплин вазифасини бажармайди. Бу ташкилотда ишлайдиганнинг барчаси ҳалол меҳнат қилади. Мен вилоят матбуот котиби сифатида 7 йилдан буён ишлаётган бўлсам бу вақтгача ободонлаштиришдан чиқиб ҳоким ёки катта лавозимига ишлаётганларни кўрмадим» , — деди вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Муслим Иброҳимов.
Эслатиб ўтамиз, Дилмурод Раҳматуллаев ҳоким сифатида фаолият олиб борганида айнан ободонлаштиришдаги камчиликлар сабабли ҳукумат раҳбари томонидан танқид қилинган. У 2018 йилнинг апрелида бош вазир иштирокида ўтказилган видеоселекторда шаҳар кўчаларини ободонлаштириш учун, бюджет ташкилоти ходимлари, жумладан, мактабгача таълим муассасалари ходимларини тадбиркорлардан гул ва дарахт кўчатларини анча қиммат нархга сотиб олишга мажбурлагани учун ҳайфсан олган, бош вазир у охирги марта огоҳлантирилаётганини маълум қилганди.
Шунингдек, 2019 йил июнь ойида Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов селектор йиғилиши ўтказган ва ўшанда Дилмурод Раҳматуллаевнинг Андижон шаҳридаги чиқиндиларни олиб чиқишда сусткашлик қилгани ҳақида гапириб, уни ҳақорат қилганди.
“Шаҳардаги Раҳматуллаев деган ш*л, и*сни касал қилиб ўлдираман! 20 йилга қамайман. Ўтган йили «Нодирабегим» паркига президентимиздан сўраб пул олганман. Кеча разбор қиляпман, пул ҳам йўқ, қурувчи ҳам йўқ. Еб, ютиб, Туркияга қочиб кетган, и*с. Ҳозир биз туттириб олиб келдик бу ёққа. 48 та машинани чиқинди ташиш учун деб оберганмиз, 16 тасини ишлатишяпти, қолганини шағал ташишга чиқариб юборибди, и*с. Ахлат эса тўпланиб кетяпти. Усмонов деган генерал ҳокимлигида мен қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосар эдим. 15 кунда бир марта қишлоқ хўжалиги техникаларини олиб келиб шаҳар ичидан ахлатларни ташитардим. Бу секин-секин шунга олиб келмоқчи бўляпти-да! Жонини суғуриб оламан исларни. Шаҳардан ким қатнашаётган бўлса кечаси билан ўтқазиб қўйдим ҳаммасини, қамаб. Ўтирасан ис, дедим. Маҳалла комитет олдига битта машина, битта шофёр, битта ахлатчи — иккита болани маҳаллага боғлаб қўясан, и*с, қани бир қадам силжиб кўрсин, онангни Учқўрғондан кўрсатаман!” деганди ўшанда Шуҳрат Абдураҳмонов