“Бузрук” номи билан танилган Бузрук Акмалович Бузруков қўлга олингани ҳақида пойтахт ИИББ хабар берган.
““Долзарб қирқ кунлик” доирасида ўтказилаётган тергов-тезкор ҳаракатлар давомида яна бир нечта шахслар жиноят содир этганликда гумонланиб ушланди. Шулар жумласидан, 1985 йилда туғилган Бузрук Акмалович Бузруков”, дейилади маълумотда.
Қайд этилишича, у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 277-моддаси 2-қисми (бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик) билан айбланмоқда.
“Жиноят иши доирасида гумон қилинувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов давом этмоқда”, – дея қўшимча қилган бошқарма.
Бузрук Бузруков Акмалович 1985-йил 23-декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. Википедияга унинг ўзи томонидан жойланган маълумотларга кўра, Бузрук Бузруковнинг отаси Ортиқов Акмал Минаварович савдо соҳасида тадбиркор. Онаси Зумрад Ортиқова Мирзахашимовна бошланғич синфлар рус тили адабиёти ўқитувчиси.
У пойтахтдаги 6-сонли мактабда ўқишни тугатгач, Саноат коллежига ўқишга кирган, шу билан бирга спортнинг кик-бокс тури билан шуғулланиб, Ўзбекистон терма жамоасига киритилган. “Динамо” клубида машғулот ўтказди, кейин СОБР машғулотларидан ўтиб, армияга бориб, бир ярим йил Қўқон шаҳрида хизмат қилган.
Шундан сўнг машғулотларни давом эттириб, Ўзбекистонда энг юқори ўринларни эгаллаган. Ҳатто жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Бузруков 2006-2007 тай бокс ва кик бокс бўйича чемпион, кик-бокс бўйича халқаро спорт устаси ҳам ҳисобланади. 2010 йилда у Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига бориб, спорт бизнеси билан шуғулланган. 2013 йилда Ўзбекистонга қайтиб, Тошкент шаҳрида Логистика йўналишида автосервислар компаниясини очган.