Туркияда мухолифат вакиллари сайловларда ғалаба қозониши сиёсатчилар томонидан олқишланмоқда
Туркияда 31 март куни барча 81 та вилоятида бўлиб ўтган муниципиал сайловларда президент Эрдўған партияси мағлуб бўлди.
Мухолифатдаги Республика Халқ партияси сўнгги 20 йил ичида илк бор ҳукмрон «Адолат ва тараққиёт» партиясини мағлуб этган.
Овоз бериш натижалари эълон қилингач, Эрдўған Анқарада ўз тарафдорларига мурожаат қилди. «Афсуски, биз муниципал сайловларда биз хоҳлаган ва кутган натижага эриша олмадик. Сайлов натижалари Туркиядаги демократия тантанасидир» деди Туркия раҳбари.
«Anadolu ajansi» нинг маълумотига қараганда, протоколларнинг 99,82 фоизи санаб чиқилгач, муниципиал сайловларда Республика Халқ партияси 37,74 фоиз, ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси эса 35,49 фоиз овоз олган. Уч йирик шаҳар – Анқара, Истанбул ва Измирда мухолифатдаги мэрлари сайловлардан кейин ҳам ўз ишларини давом эттирадилар.
Сиёсатчи Камолиддин Раббимов ушбу натижаларни шарҳлар экан бу адолатли сайловларга ишора эканлигини қайд этган.
«Эрдоғанни партияси – Адолат ва тараққиёт партияси 2019 йилда Истанбул ва Анқара ҳокимиятларини ютқазиб қўйган эди. Бу сафар ҳам ютқазди, ва мухолифатнинг овози янада кўпайди.
2019 йилги муниципал сайловларда Адолат ва тараққиёт партияси ҳамда унинг иттифоқчилари, биргаликда 44% овоз олганди. Бу сафар ушбу овоз 35%га тушиб қолди. Катта йўқотиш! Мухолифатдаги Республикачилар партияси ва унинг иттифоқчилари эса, 2019 йилда 30% олганди, бу сафар 37% бўлди», деб далиллар келтирган у.
Сиёсатчининг қайд этишича, Туркия демократияси ишлаяпти. «Сайловларни сохталаштириш йўқ. Ҳақиқий сиёсий кураш бор. Президент қанчалик қудратли, популяр шахс бўлмасин, туркларда ҳокимиятни тийиб туриш керак деган сиёсий маданият шаклланган. Барча ваколат ва ҳокимият ресурсларини битта кучга, партияга бериб қўймаяпти. Ва шунинг учун ҳам Туркия дунёнинг биринчи йигирматалигида, иқтисодий, ҳарбий, сиёсий, геосиёсий қудратли давлат. Туркия – демократия, ва бундан турклар ютаяпти», деб ёзди Раббимов ўз саҳифасида.
РИА Новостининг ёзишича, экспертлар Эрдўғаннинг мағлубиятини мамлакатдаги иқтисодий аҳвол, инфляциянинг кучайиши, аҳоли даромадининг камайиши билан боғлашган. Мутахассислар тез орада мухолиф партия президент сайловларини қайта ўтказишни сўраши мумкин деган тахминларни ҳам илгари суришаяпти.