Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси ҳолат юзасидан ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.
Ўзбекистонлик аёл Ҳиндистоннинг Бенгалор шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида ўлдирилган ҳолда топилди. Бу ҳақда маҳаллий полицияга таяниб India Brains хабар берди.
Қайд этилишича, марҳумнинг Зарина исмли 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси бўлган. У 10 март куни Бенгалорга сайёҳлик визаси билан келган ва Сешадрипурам ҳудудидаги БДА кўприги яқинидаги меҳмонхонага жойлашган.
13 март куни эса меҳмонхона ходимлари хонанинг эшигини узоқ вақт тақиллатишига қарамасдан, хона ичидан ҳеч қандай жавоб бўлмаган.
Шундан сўнг, Заринанинг дўстларидан бири соат 22:30 да меҳмонхона ходимларини телефон орқали огоҳлантирган.
Хона асосий калит ёрдамида очилганда эса ходимлар Заринанинг юзи қонга беланган ҳолда полда ётган жасадини топдилар. Бенгалор полициясининг таъкидлашича, Заринанинг юзига мушт туширилган, чунки унинг танасидан турли жароҳат излари топилган. Полиция Заринанинг бўғиб ўлдирилган бўлиши мумкинлигини гумон қилмоқда.
Қайд этилишича, Зарина учун хонани 16 мартга қадар Раҳул Кумар исмли шахс брон қилган. Меҳмонхона менежери Гаурав Кумар Сингх иш юзасидан полицияга шикоят киритган. Ҳозирда ҳолат юзасидан қўшимча тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.