Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммадали Искандарий журналистлар билан мулоқот ўтказди. Ўзаро очиқ руҳда ўтган мулоқотда элчи Маҳаммадали Искандарий Эроннинг БРИКС ташкилотидаги ўрнига тўхталар экан, ташкилот аъзо давлатлари томонидан АҚШ доллари ҳукмронлигига қарши сиёсат илгари сурилаётганини қайд этди.
Мақсад бир валюта устунлиги эмас, барча валюталарга очиқлик, дейди элчи. Муҳаммадали Искандарийнинг қайд этишича санкциялар остида бўлган Эрон Covid-19 пандемияси даврида АҚШ доллари муомаласи билан боғлиқ муаммолари туфайли вакцина сотиб олишда қийинчиликка дуч келган.
“БРИКС ташкилотига асосан доллар ҳукмронлигини маъқулламайдиган давлатлар йиғилган. Бу давлатлар шунақа фикрдаки, доллардан ўзларига номаъқул бўлган давлатларга босим кўрсатиш воситаси сифатида фойдаланади. Чунки, қайси бир йўналишдан борсангиз дунёда долларга дуч келасиз. Америка ва жаҳон банки ҳам долларни суиистеъмол қилишаяпти. Ва ўша мамлакатларнинг нафас олиш йўлларини тўсмоқчи бўлишади, яъни бошқаларнинг нафас йўлини тўсишади. Албатта бу янги фикр, янги нуқтаи назар эмас, илгаридан анча давлатлар шундай фикрда эди. БРИКС бирортага қарши қаратилмаган, у турли хил чиқиш йўлларини, ечим излаб топишга қаратилган ташкилот. Албатта , Хитой, Ҳиндистон каби давлатлар буни асосчилари бўлишди ва биз бунга кейин қўшилдик. Биз бу муаммони илгаридан пайқаган эдик, айтган эдик. Лекин бизга ишонишмаганди, қулоқ солишмаганди. Бундан ташқари жуда кўп нарсалар айтгандик, бизга ишонишмаганди. Лекин ҳозир кўпчилик тушуниб етдики доллар тизими кўпроқ ўша номақбул давлатларга босим ўтказиш механизмига айланиб бормоқда”, дейди Муҳаммадали Искандарий.
Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммадали Искандарийнинг АҚШнинг янги президенти, Исроил, Ғарб давлатлари ҳамда Ўзбекистон билан иқтисодий алоқалари ҳақидаги фикрларини ҳам эълон қилиб борамиз.