Тошкентда пулли «парковка»лар ташкил этиш учун ўтказиладиган аукцион иқтисодчиларда ҳавотир уйғотмоқда.
«Буни аукцион деб атаб бўлмайди, бизга бир қўлли парковка монополияси керак эмас», демоқда иқтисодчи Отабек Бакиров.
Тошкент шаҳрида 50дан ортиқ кўчада пулли тўхташ жойларини бошқариш ҳуқуқи учун аукцион эълон қилинди.
Бакировнинг ёзишича, агарда аукцион пойтахт маъмурияти истагандек ўтса, шаҳарда ягона «Парковка қироли» пайдо бўлади.« Ғолиби олдиндан ёпиқ кабинетларда келишилмаган бўлмаса, бу жараённи аукцион дейишга тил бормайди», дейди у.
Иқтисодчи бу фикрини бир неча бандлар билан асослаб бермоқда:
Биринчидан, пойтахтдаги 50дан ортиқ энг гавжум ва ликвидли кўчалар битта лотда савдога чиқарилмоқда. Яъни «ғолиб» битта кўча ёки мавзедаги кўчаларни эмас, бутун шаҳарни «қўлга киритади». Нормал аукцион шароитида шаҳардаги бўлажак парковкалар ўнлаб лотларга бўлиниши ва улар ўзаро боғланмаган инвесторларга таклиф этилиши зарур. Бунда масалан, бир ҳудуддаги Шевченко, Чехов, Шаҳрисабз ва Яккачинор кўчалари бита лотда эмас, турли лотларда савдога қўйилиши ва битта қўлда жамланмаслигига урғу берилиши керак.
Иккинчидан, барча кўчалар битта лотга боғлангани учун аукционга кириш шартлари жуда оғир ва қиммат қилинган. Табиийки, қайсидир аввалдан келишилган ғолибга мослаштирилган бўлиши эҳтимоли мавжуд. 5 миллион долларлик инвестиция шартини бажариш ва бошланғич нархи 57,2 млрд.сўмлик йиллик ижара нархини қабул қилишга журъат этувчи ўнлаб рақобатдош бизнес субъектлар топилмаслиги аниқ (спарринг рақиб ролини ўйнаб берадиганлар доим топилади). Лекин, айтайлик, лотлар 20та бўлса, аукционга кириш инвестициявий шартлари 100 минг доллардан бошланса, иштирокчилар сони кескин ортади. Табиийки, аукцион ҳам кескин рақобатли бўлади, ижара ҳақининг нархи аукционда тезроқ ва кўпроқ ошади, давлат ҳам каррасига ютади.
Учинчидан, аукционлар охирги йилларда амалдорлар қўлидаги ғирт манипуляция воситасига айланиб бўлди. Бу ҳақда ичкарида эмас, четдаги овозлар орқали ҳам очиқ гапира бошлашди. Ер сотишдан тортиб хусусийлаштиришгача қўлланилаётган аукцион жараёнида сунъий равишда қўшилган бюрократик ва коррупцион ғовларни, рақобатни чекловчи қоидаларни доимий инвентаризация қилиб бориш вақти аллақачон келган. Аукционлар шартлари масалан, Антикоррупция агентлиги томонидан коррупциогенлик назоратидан, Рақобат қўмитаси томонидан эса рақобатдошлилик мезонларидан ўтиши мажбурий бўлиши зарур, деб ёзади Отабек Бакиров.
У Рақобат қўмитаси ва Антикоррупция агентлиги пойтахтда парковка монополиясини яратиши мумкин бўлган, белгиларига кўра аукцион деб аташ қийин бўлган бу аукционни тўхтатишига умид қилмоқда.
Маълумот учун, барча туманларда ижарага бериладиган майдонларнинг умумий ҳажми 262,8 минг квадрат метрни ташкил этади. Бунга қуйидаги кўчаларнинг қисмлари киради:
Тошкентнинг марказий қисмида (жумладан, Амир Темур хиёбони, Мовароуннаҳр, Истиқлол, Яҳё Ғуломов, Ўзбекистон овози, Истиқбол, Содиқ Азимов, Тарас Шевченко, Шаҳрисабз, Яккачинор, Шастри, Маҳатма Ганди, Ҳамид Олимжон, Чехов ва бошқа кўчалар);
Учтепа ва Чилонзор туманларида (Кичик ҳалқа автомобиль йўли, Фарҳод, Лутфий, Чўпонота, Муқимий, Қатортол, Чилонзор, Арнасой, Есенин, Бешқайрағоч кўчалари);
Сергели ва Янгиҳаёт туманларида (Янги Сергели, Турсунзода, Алавия, Шокирариқ, Ислом Сатторов, Қипчоқ, Қўрғонтепа, Биродарлик кўчалари);
Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида (Лабзак, Себзор, Гулобод, Форобий, Белтепа, Қорақамиш, Қорасарой, Шимолий Олмазор кўчалари);
Бектемир туманида (Ҳусайн Бойқаро кўчаси);
Миробод тумани (Янги Қўйлиқ кўчаси);
Яшнобод туманида (Оҳангарон йўли кўчаси, Қуйи Талариқ, Сивец, Қурувчилар кўчалари).
Йиллик ижаранинг бошланғич нархи 57,21 млрд сўмни ташкил этмоқда, муддати эса 3 йил. Дастлабки икки йил ичида ижарачи автотураргоҳларни жиҳозлаш, паркоматлар ва ҳаракатни ташкил этиш воситаларини ўрнатиш, шунингдек, коммуникация ва алоқани амалга ошириш учун камида $5 млн сармоя киритиши керак.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрда ҳам Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтнинг 10 та марказий кўчасида пулли паркоматлар ташкил этишни “Kasy Park” МЧЖга топширишга қарор қилганди . Ўшанда ҳам бу монополия уйғотиши мумкинлиги ҳақида хавотирларга сабаб бўлган.