Вашингтон шаҳрида Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) “Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш йўли: ислоҳотлар ва глобал интеграцияни бошқариш” мавзусида сиёсий учрашув ташкил қилган. Бу ҳақида «World Trade Organization» хабар берди.
Келтирилишича, Жаҳон Савдо Ташкилоти (ЖСТ) Бош директорининг ўринбосари Жоанна Ҳилл Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, айниқса, Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йилда аъзо бўлиш режасини олқишлаган.
Ҳиллнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни сўнгги йилларда сезиларли даражада жадаллашган. Бунда Мирзиёевнинг фаол сиёсий иштироки муҳим рол ўйнаган. Сўнгги фармонлар Ўзбекистонни минтақавий ва халқаро миқёсда яқинроқ интеграциялашга қаратилган. Улар давлат савдо корхоналари, экспорт чекловлари ва субсидия сиёсатлари, савдо техник тўсиқлари (ТБТ), санитария ва фитосанитария (СПС) чораларига ҳамда савдони енгиллаштиришга оид муҳим ислоҳотларни ўз ичига олади.
“Яқинда ЖСТга аъзо бўлаётган давлатлар ичида Ўзбекистон энг фаол давлатлардан бири бўлди. Марказий Осиёнинг стратегик ҳудудида жойлашган Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни амалга оширди. ЖСТга қўшилиш мамлакатнинг устувор мақсадларидан бири бўлиб қолмоқда,” деди Ҳилл.
У ЖСТнинг 2024 йилги Жаҳон савдо ҳисоботини келтираркан, ЖСТ таркибига киришда бозор ислоҳотларини амалга оширган иқтисодиётлар бошқа давлатларга қараганда ўртача 1,5 фоиз юқори ўсишга эришганини қайд этган. давлатлар ЖСТга аъзо бўлганидан кейин ҳам ўсишда давом этиб, савдода кўпроқ хилма-хиллик ва экспорт ўсишида барқарорликка эришган. Бошқа савдони ривожлантириш омиллари эса ЖСТ мажбуриятларига риоя қилиниши натижасида савдо сиёсатининг барқарорлиги ва яхши бошқарув билан боғлиқ эди.
Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани Ўзбекистоннинг сиёсатидаги ўзгаришлар эътиборга моликлигини урғулаган.
Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев мамлакатнинг бозор иқтисодиётига ўтишдаги ислоҳотлари ва 2030 йил Стратегияси доирасидаги умумий режаси асосида ресурслардан самаралироқ фойдаланиш ва рақобатбардошликни оширишга эришилганини таъкидлаган. 2024 йил 3 июнда қабул қилинган Президент фармони – ПФ-85 доирасида Ўзбекистон иқтисодий ва ҳуқуқий тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга уринаётганини айтган. ЖСТ, ХВЖ, Жаҳон банки ва бошқа халқаро донорларнинг малака ошириш борасидаги кўмаги ЖСТга аъзо бўлиш йўлида Ўзбекистонга халқаро тажрибани жорий этишда жуда катта ёрдам бўлаётгани ҳам алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистоннинг Бош музокарачиcи Азизбек Урунов икки томонлама йўналишда Ўзбекистон 20 та давлат билан бозорга кириш масалаларида келишувга эришганини ва 2023 йил бошида бундай келишувлар ҳали мавжуд бўлмаганини айтган. У шунингдек, қонунчиликдаги ҳар бир таклифнинг халқаро талабларга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида мажбурий механизм жорий қилинганини таъкидлаган.