«Мени бундай ишлардан хабарим йўқ. Агар сизда бунга мисоллар бўлса бизга хабар берсангиз буни кўриб чиқамиз», — Спорт вазири Адҳам Икромовнинг бу сўзларидан кейин одамлар бизга ўнлаб мисоллар жўнатишди.
Uzdiplomat.uz ҳокимлар томонидан сотиб юборилган маҳалла ва мактаблардаги майдон ва стадионлар ҳақидаги бу маълумотларни эълон қилиб боради.
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида яшовчи фуқаро томонидан келиб тушган мурожаатда, Термиз шаҳрида колхоз вақтида икки маҳаллага катта стадион ва мактаб комплекс ҳолатида қуриб берилгани, аммо вақт ўтиб бу стадионга «камаз-камаз» ҳар хил чиқиндилар олиб келиб ташлангани айтилади.
«Улар менимча қанақадир қурилишга тайёргарлик кўраётган эди. Адашмасам 2016 йилда стадионнинг 3/1 қисми автосервисга яна бир қисмини эса «пост ГАИ» хизматига бериб юборилди. Халқ ўзи қурган спорт зални ҳам бузиб ташлашди. Ўша вақтида Термиз шаҳри ҳокими Исроил Бўриевич эди. Мактабда қабул ташкиллаштирганда борган эдик. У «бу ишни ким қилди, қайтарамиз», деб кейинги кунига стадионга келди, топшириқлар берди. У қурилиш муовинига «ободонлаштиришни олиб келиб тозалатишни буюрди». Биз муовинини номерини олдик, кейинги куни телефон қилсак, «у ерга бошқа қайтиб кирманглар у жойни қурилишга қарори чиқиб кетган», деб айтган бизга. Шундан буён стадионимиз хароба ҳолатда», — деди Илёс Чоршиев.
Унинг айтишича, бу жой қурилишга бериб юборилгани ҳақида миш-мишлар бор, лекин улар бундай қарорни кўрмаган.
Бошқа бир фуқаро Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги Чўлқувар МФЙ ҳудудидаги 11-мактабнинг ҳудудига кўп қаватли уй хонадонлар қурилганини айтди.
«Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев ноқонуний ер ажратган бўлсада ҳанузгача уни жиноий жавобгарликка тортишмаяпти. Ҳолбуки унинг ўзи олиб келган, Қарши шаҳар ҳокимияти ҳуқуқшуноси, масъуллар, қурилиш бўлими бошлиғи, архитектор Зафар ва бошқалар қамалиб чиқди», — деди фуқаро.
У бунда нега ҳоким қамалмаганини, бу ишда унинг имзоси борлигини иддао қилган.
Сергели туманида истиқомат қилувчи фуқаро туман ҳудудидаги 268-мактаб мактаб майдонидаги уйлар қурилиб тугалланиб қолганини айтди.
Бошқа фуқаро эса, Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги «Бодомзор» масжиди олдидаги стадион бузилиб унинг ўрнига уйлар қурилганини маълум қилди.
«Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани маҳалласидаги стадион сотилди. Стадионга маҳалла биноси қуриб, бир четга пуллик стадион қурди. Катта тайёр стадионни расвосини чиқариб, уй-жой қилиб сотиб юбормоқчи», — деган бошқа бир фуқаро.
«Сурхондарёдаги мактабнинг катта боғи ва стадиони бўлар эди. Ҳозир боғ ҳам стадион ҳам йўқ. Стадионнинг ярми қолди. Кичкина стадион қилиб қуриб беришди, қолган қисмига уйлар қуриб сотиб юборди», — деган Сурхондарёлик фуқаро.
Бухоролик фуқаро эса, Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги стадион сотилганини, у стадион қурилганига 80 йилдан ортиқ вақт бўлгани қанчадан қанча спортчилар қурган, катта стадион сотилиб хароба бўлиб ётганини айтди.
«Жаноб Спорт вазири Икромов! Сиз мундоқ шаҳар айланасизми? Яккасарой тумани, Боғбўстон кўчасидаги собиқ 176-мактаб ва унинг спорт майдони Педагогика лицейи қилиб бериб юборганидан кейин бу спорт майдонидан маҳалла аҳолисининг фойдаланиш даражаси «ноль»га тушди. Собиқ СССР даврида 100 фоиз эди. Ҳадеб салқин кабинетда ўтирмасдан бир келиб кўриб кетинг. Қачон оммавий спортга эътибор қаратасизлар», — деган бошқа бир фуқаро.
Яна бир фуқаронинг айтишича, массив Қўйлиқ 7 даги 268-мактаб стадиони ҳам сотиб юборишган. Унинг ўрнига кўп қаватли уйлар қуришган.
«Ёшлигимизда шу стадионда футбол ўйнар эдик. Ҳозир эса болаларимиз ўйнай олишмаяпти», — деди у.
Шунингдек бошқа изоҳлардан маълумотлар:
«Урганчдаги бутун бошли «Спартак» стадиони йўқ бўлиб кетди. Наҳотки хабарингиз йўқ».
«Ҳурматли вазир, Андижондаги 17-мактаб футбол майдончасидан келиб хабар олиб кетинг. Ўшанда йўқолиб кетаётган стадионлардан хабарингиз бўлади».
«Жаноб вазир Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 240-мактаб ерини қандай сотиб юборганини айтиб беринг».
«Чилонзордаги 131-мактаб стадионининг ҳам ярми сотиб юборилган».
Маълумот учун, 2024 йилнинг 20 февралигача мактаб ва маҳаллалардаги ер майдонлари ва стадионларнинг ноқонуний тортиб олиниши бўйича 208 та суд жараёнидан 148 та судда мактаб ютиб чиққан.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 июль куни Uzdiplomat.uz «Стадионлар сотиб юборилаётганидан спорт вазирининг хабари йўқми?» номли видео материал эълон қилган эди.
Унда Uzdiplomat.uz мухбири Спорт вазири Адҳам Икромовга маҳалла ва мактабларга тегишли бўлган майдон ва стадионларнинг ҳокимлар томонидан тадбиркорларга сотиб юборилаётганига вазир сифатида фикрини сўраган эди.
Аммо вазир бу ҳолатлар кузатилмаётганини вазир сифатида бундай ишларга рухсат бермаганини айтган эди.
Сизда ҳам шундай бузилган спорт майдонлари ҳақида мурожаатлар бўлса Uzdiplomat.uz га жўнатинг!