Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, охирги вақтларда дунёнинг турли мамлакатларида содир этилган террорчилик ҳаракатларидан сўнг Ўзбекистон ҳамда қўшни давлатлар фуқароларига интернет ижтимоий тармоқлари орқали пул мукофоти эвазига савдо ва кўнгилочар марказлар, мактаблар ва бошқа жамоат жойларини миналаштириш таклиф қилинган хабарлар келиб тушмоқда.
“Бу каби провокацион хабарлар асосан «Телеграм» мессенжери орқали юборилиб, унда номаълум шахслар турли миқдорда пул тўлаш, қурол-яроғ билан таъминлаш ва ҳаракатлар режасини юборишга ваъда бериб, ушбу ҳаракатларга рад жавобини эътиборга олмайдилар. Энг хавфли жиҳати шуки, ёвуз ниятли шахсларнинг хабарлари кўп ҳолларда болаларга юборилмоқда. Шунингдек болаларнинг шахсий маълумотлари орқали уларни қўрқитиш ҳолатлари кузатилмоқда. Провокаторлар ўзларининг фотосуратлари ва рақамларини яширган ҳолда фаолият юритадилар”,– дея маълум қилинган Ички ишлар вазирлиги огоҳлантиришида.
Вазирликнинг қайд этишича, фирибгарлар бу каби хатти-ҳаракатларни жамоатчилик орасида ваҳима уйғотиш учун амалга оширмоқда. Республика ҳуқуқ-тартибот органлари эса хавфсизликка бўлган ҳар қандай таҳдидларни бартараф қилиш борасида ўз ваколатлари доирасида барча чораларни кўрмоқда.
“Ҳурматли фуқаролар! Агарда Сизга бу каби хабарлар келиб тушса ваҳимага тушманг ва уларни очиқ чатлар, танишларингиз ва дўстларингизга юбормай, дарҳол «102» рақамига қўнғироқ қилиб, ички ишлар органларига хабар беринг. Хабар юборувчиларни блокланг ва улар билан ёзишма ва суҳбатга киришманг”,– дея огоҳлантирмоқда вазирлик.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 март куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги республика ҳудуди бўйлаб одамлар гавжум жойларда тартиб кучайтирилганини эълон қилган эди.