«Ўзтрансгаз» АЖ Россиядан газ импортини ошириш мақсадида магистраль газ қувурларини модернизация қилади ва бунинг учун 470 миллион долларгача инвестицияларни жалб қилади. Бу ҳақида Интерфакс хабар берди.
Қайд этилишича, модернизация ишлари 2024-2030 йилларга режалаштирилган. Лойиҳани молиялаштириш хорижий банкларнинг маблағларини жалб этиш ҳисобига амалга оширилади.
“Ўзтрансгаз” шимолдан импорт қилинадиган табиий газни қабул қилиш ҳажмини ошириш бўйича магистрал газ тизимини модернизация қилиш дастури режаси ҳукуматнинг “2024 йил I чорагига мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланганини кўриш мумкин. Унда 2024–2030 йилларда бажарилиши назарда тутилган биринчи босқичда табиий газ қабул қилишни кунига 32 млн куб метрга етказиш ва лойиҳани хорижий кредитлар ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилган бўлиб, Интерфакс ёзганидан 30 миллион кўпроқ, аниқроғи 500 миллион доллар ажратилиши қайд этилган.
Шунингдек бу йил ҳам республика магистрал газ узатиш тизимини модернизация қилиш ва самарадорлигини ошириш дастурини амалга ошириш дастури (2021-2024 йиллар) давом эттирилади. Умумий қиймати 483 млн доллар бўлган лойиҳа доирасида 511 км магистрал газ қувурлари ва 10 та газ насос агрегатини модернизация қилинмоқда.
Маълумот учун, 2023 йилнинг июнь ойида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида Россия газини Ўзбекистонга экспорт қилиш бўйича шартнома имзоланганди. Октябрь ойида эса Шавкат Мирзиёев Москвада Қосим-Жомарт Тоқаев ва Владимир Путин билан биргаликда Россия табиий газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга етказиб бериш жараёнига старт берган эди. Шартнома икки йилга тузилган ва у йилига 2,8 млрд куб метр (кунига 9 млн кубометр) газ етказишни назарда тутади.