Навоий шаҳридаги 2-мактабда ўғил болалар спорт залига олиб кирилиб, сочлари олдирилган. Бу директорнинг ташаббуси эканлиги айтилмоқда.
Вилоят ММТБ бошлиғи ва болалар омбудсмани ҳолатни қоралаб, муносабат берди.
Жамоатчилик эса мактабларда болалар эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол этувчи бу каби “чоралар” биринчи маротаба юз бермаётганидан хавотирда.
Kun.uz нашри ўз манбасига таяниб ёзишича, мактаб директори Нурқобил Юсупов сартарошни таклиф қилиб, турли синфдаги йигитларни йиғиб, сочларини кестирган.
Болалар омбудсмани Навоийдаги мактабда кузатилган ҳолат – дарс машғулотлари пайти мактаб ўқувчиларини олиб чиқиб, сочини олдирган масъулларга нисбатан тегишли чора кўрилиши зарур, деб ҳисобламоқда.
Навоий шаҳридаги 2-умумтаълим мактаби директори томонидан таълим масканига сартарош чақиртирилиб, ўқувчиларнинг сочи мажбурий олдирилиш ҳолати юзасидан Болалар омбудсмани ўрганиш бошлади, дейилади муносабатда.
“Мактаб маъмурияти томонидан бундай ҳаракатларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Биринчи навбатда, бу умумий ўрта таълим муассасаларининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид. Муҳими эса, бу боланинг конституцияда кафолатланган шахсий дахлсизлик ҳуқуқи ҳамда унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига таҳдид солади. Мазкур ҳаракатга йўл қўйган масъулларга нисбатан тегишли чора кўрилиши зарур”.
Қайд этилишича, ҳозирда бу каби номақбул ҳолатларнинг бошқа таълим муассасаларида ҳам юзага келмаслиги бўйича чоралар кўрилмоқда.