Маданий мерос агентлиги эса бунга ишонмаяпти
Жамоатчилик фаоли Азиза Умарова Наманган вилояти Янги Наманган тумани, Мингтерак МФЙда қазувчилар сув йўлагини қазиш пайтида қадимий топилмага дуч келганини маълум қилди. Бу ҳақда қазувчиларнинг ўзи унга хабар берган.
“Топилма 2,5 метр чуқурликдан қазиб олинди. Қазувчилар ҳозирча ишни тўхтатиб қўйишди. Топилма лойдан ясалганга ўхшайди. Улар буёғига қандай йўл тутиш кераклигини, топилмани ўрганиш учун археологларга қандай топширишни билиш учун мен билан боғланишди. Топилмани топшириш тартиби қандай? Топилмани мутахассисларга қандай топшириш керак? Шунда улар топилмани текширишлари, қийматига баҳо беришлари ва натижаларга таяниб эҳтимол, яқин атрофдаги ҳудудни ўрганишлари мумкин”, – деган Умарова.
Санъатшунос-тарихчи Машариб Абдуллаевнинг қайд этишича, ўрнатилган тартибга кўра, маданий қийматга эга артефакт топилганда маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилиш керак. Улар ҳудудда назорат ўрнатиб, Маданий мерос агентлиги вилоят бошқармаси вакилларини жалб қилишлари керак. Маданий мерос агентлиги ҳудудий вакиллари мутахассислар билан бориб дастлабки хулоса беришади. Ҳақиқатда тарихий ёки бадиий аҳамиятга эга бўлса, маҳаллий музейга топширилади.
Аммо Азиза Умарованинг айтишича, Наманган вилоят ҳокимлиги йигитларнинг топилмасига қизиқиш билдирмаган.
Ушбу постга жавоб берган Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиев, бу шунчаки шов-шув кўтариш учун қилинган ёлғон бўлиши мумкинлигини ва буюм тарихий топилма ёки йўқлигини агентлик бўлими бошлиғи жойига бориб ўргангандан кейин хулоса берилишини ёзган.